Хитой олимлари Марс ҳавосидан ёқилғи олиш усулини ишлаб чиқмоқда
Хитойлик олимлар Марс атмосферасидаги карбонат ангидрид газини суюқ ёқилғи — метанолга айлантириш имконини берувчи янги катализатор ишлаб чиқмоқда. Бу технология келажакда Марсга амалга ошириладиган экспедицияларнинг Ердан етказиб бериладиган ёқилғига қарамлигини камайтириши мумкин.
“South China Morning Post” нашри ёзишича, Хэфэй шаҳридаги коинотни тадқиқ қилиш лабораторияси мутахассислари Марс атмосферасининг 95 фоиздан ортиғини ташкил этувчи карбонат ангидриддан метанол олиш усулини синовдан ўтказган.
Янги катализатор мис ва натрий элементлари асосида яратилган бўлиб, карбонат ангидриднинг водород билан реакцияга киришишини тезлаштиради. Лаборатория тажрибаларида у оддий мисга нисбатан 11 баравар кўп метанол ҳосил қилган. Бир килограмм катализатор соатига қарийб 245 грамм метанол ишлаб чиқариш имконини берган.
Тадқиқотчи Чжан Чженинг таъкидлашича, метанол Марсда электр ва иссиқлик энергияси олиш, марсоходларни ёқилғи билан таъминлаш ҳамда турли кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришда қўлланилиши мумкин. Унинг асосий афзаллиги — метандан фарқли равишда, одатдаги ҳароратда суюқ ҳолатда сақланишидир.
Мутахассисларга кўра, мазкур технология Марсда узоқ муддатли илмий базалар ташкил этиш харажатларини камайтириши мумкин. Бироқ уни амалиётга жорий қилиш учун сайёранинг сийрак атмосферасидан газ йиғиш ва уни сиқиш билан боғлиқ техник муаммоларни ҳал этиш зарур.
Ф.Яхшибоева, ЎзА