Ўзбекистон метрология соҳасида халқаро стандартлар сари яна бир қадам ташлади
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигида “Миллий сифат инфратузилмасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида халқаро консалтинг компанияси Policy and Management Consulting Group (PMCG) экспертлари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда метрология соҳасини такомиллаштириш ва уни халқаро стандартлар асосида ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда халқаро консалтинг компанияси экспертлари Нино Жавахадзе ва Отар Анита иштирок этди. Томонлар метрология соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бугунги ҳолати, ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, миллий эталонлар базасини ривожлантириш, давлат метрология назорати тизимини модернизация қилиш ҳамда соҳада хусусий сектор иштирокини кенгайтириш юзасидан атрофлича фикр алмашди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Халқаро ўлчовлар ва тарозилар бюроси (BIPM) ҳамда Метрик конвенциянинг тўла ҳуқуқли аъзоси, шунингдек EURAMET ташкилотининг ассоциациялашган аъзоси сифатидаги иштироки халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланди. Бу эса мамлакатимизда ўлчовлар бирлигини таъминлаш ва миллий сифат инфратузилмасини халқаро талаблар асосида ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси сифатида эътироф этилди.

Учрашув давомида Президентнинг 2026 йил 16 февралдаги тегишли фармони ижроси доирасида метрология тизимини такомиллаштириш, замонавий ёндашувларни жорий этиш ва соҳани халқаро стандартларга мослаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳокама қилинди.

Томонлар миллий сифат инфратузилмасини янада такомиллаштириш, метрология соҳасида илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда қўшма лойиҳаларни изчил амалга оширишдан манфаатдор эканликларини билдирди.
Бундай учрашувлар миллий метрология тизимининг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини ошириш, маҳсулот ва хизматлар сифати ҳамда хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ш.Маматуропова, ЎзА