Ўзбекистон-Корея: критик минераллар соҳасида стратегик шериклик мустаҳкамланади
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон-Корея бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат давлат идоралари, соҳа ташкилотлари ва бизнес доиралари вакиллари иштирок этиб, геология, минерал ресурсларни ўзлаштириш ва юқори қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш йўналишларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда жаҳонда критик минералларга бўлган талабнинг ортиши мазкур соҳани иқтисодий тараққиётнинг муҳим йўналишларидан бирига айлантиряпти. Замонавий электроника, қайта тикланувчи энергетика, аккумулятор технологиялари, электромобилсозлик ва рақамли саноатнинг жадал ривожланиши ушбу ресурсларга эҳтиёжни янада оширмоқда.
Форумда сўзга чиққан тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Урал Юсупов мамлакатда критик минераллар соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва устувор вазифалар ҳақида тўхталиб ўтди.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон геологик салоҳиятидан самарали фойдаланиш билан бирга, соҳани замонавий ёндашувлар асосида ривожлантиришни устувор вазифа сифатида белгилаган. Шу мақсадда, геология-қидирув ишларини кенгайтириш, ресурс базасини аниқ баҳолаш, қазиб олиш жараёнларига илғор технологияларни жорий этиш ҳамда минерал хомашёни мамлакатнинг ўзида чуқур қайта ишлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

–Бугун критик минераллар глобал саноат тараққиётининг асосий ресурсларидан бирига айланиб бормоқда. Шунинг учун биз учун фақат хомашё базасини кенгайтириш эмас, балки юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш занжирини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон бу йўналишда халқаро шериклар билан ҳамкорликни кучайтириш, технологиялар трансферини кенгайтириш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Корея Республикаси билан ҳамкорлик эса соҳада инновацион ёндашувларни жорий этиш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва саноат кооперациясини мустаҳкамлаш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади, – деди У.Юсупов.
Форум доирасида томонлар технологиялар трансфери, геология-қидирув ишларини ривожлантириш, илмий-тадқиқот фаолиятини кенгайтириш ва мутахассислар тайёрлаш соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштиришга қизиқиш билдирди. Шунингдек, янги қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ўзаро манфаатли шерикликни янада мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида критик минераллар соҳасида йўлга қўйилаётган ҳамкорлик нафақат ресурслардан самарали фойдаланиш, балки юқори технологияли саноатни ривожлантириш ва узоқ муддатли иқтисодий ўсишни таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА