Ўзбекистон ислом цивилизациясининг муҳим марказларидан бири (+видео)
Ўзбекистон сўнгги йилларда халқаро анжуманлар, маданий-маърифий форумлар ва нуфузли фестивалларга мезбонлик қилиб, турли мамлакатлардан келаётган меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирмоқда.
Мамлакатимизнинг бой тарихи, бетакрор маданий мероси, буюк алломалари, миллий санъати ва меҳмондўст халқи хорижлик иштирокчилар томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.
ТУРКСОЙ доирасида ташкил этилган халқаро тадбирлар ҳамда Андижонда ўтказилган Туркий халқлар фестивали ана шундай эътирофларнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Тадбирда иштирок этган марокашлик Шайх Эл Мами Аҳмад Базайд Ўзбекистон ҳақидаги илк таассуротлари билан ўртоқлашар экан, юртимизнинг ислом цивилизациясида тутган ўрнига алоҳида тўхталди.
— Ўзбекистонга илк ташрифим. Бу муқаддас заминга келиш мен учун катта шараф. Ўзбекистон нафақат туркий дунёнинг, балки бутун ислом цивилизациясининг муҳим марказларидан бири. Бу ерда Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк алломаларнинг бой илмий ва маънавий мероси сақланиб қолган. Бу мерос бутун ислом олами учун беқиёс аҳамиятга эга.
Тадбирда иштирок этиш мен учун катта бахт бўлди. Тадбирни юксак савияда ташкил этгани, тарихий ва исломий меросни асраш ҳамда уни дунёга кенг тарғиб қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун Ўзбекистон Маданият вазирлигига самимий миннатдорчилик билдираман.
Шунингдек, Ўзбекистон халқига ҳам алоҳида раҳмат айтаман. Бундан бир неча асрлар муқаддам машҳур сайёҳ Ибн Баттута Самарқанд аҳлининг меҳрибонлиги ҳақида ёзган эди. Бугун мен бу сўзларнинг нақадар ҳақиқат эканини ўз кўзим билан кўрдим. Мен бу ерда нафақат гўзал мамлакатни, балки бағрикенг ва самимий инсонларни ҳам кашф этдим.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/4UGJlEdklSA?si=wmIFY-Gn3uu42Ybu" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
З.Умурзоқов (видео), А.Аҳмедов (монтаж),
ЎзА