Миллий хотира ва истиқлол ғоясини саҳнада жонлантирган лойиҳа
Ватанимиз Мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб пойтахтимизда "Сўз" ижодий лойиҳасининг навбатдаги тадбири мухлислар эътиборига ҳавола этилди.
Сўз санъати ва миллий адабий мерос халқнинг тарихий хотирасини авлодлар онгига етказишнинг энг таъсирчан воситаларидан биридир. Шеърият, мусиқа ва саҳна тили орқали халқнинг мустақиллик сари босиб ўтган кўп асрлик йўли бадиий образларда жонлантирилганда, у томошабин қалбида чуқур из қолдиради.
Сўнгги йилларда Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан миллий ғояларни аҳоли, айниқса, ёшлар онгига сингдиришнинг замонавий ва самарали шаклларига — жумладан, театрлаштирилган томошалар ва бадиий-ижодий лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 апрелдаги тегишли қарорига мувофиқ, мамлакатимизнинг таниқли ижодкорлари иштирокида она-Ватанга муҳаббатни тараннум этувчи «Сўз» лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Шу вақтга қадар «Сўз» лойиҳаси доирасида шоир ва шоиралар иштирокида иккита концерт, шунингдек, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султоннинг «Ялдо кечаси» ҳамда Эшқобил Шукурнинг «Мегаполисдан Ҳимолай чўққисигача» китоблари тақдимоти ўтказилди.
Шунингдек, «Сўз» лойиҳаси жамоаси Жиззах вилоятининг Зомин туманида ўтказилган Зомин ёш ижодкорлар семинарида «Ялдо кечаси» китоби асосида тайёрланган саҳна кўриниши билан иштирок этди.
Энг улуғ ва энг азиз байрам — Истиқлол айёми арафасида пойтахтимиздаги «Наврўз» боғининг этно ҳудудида «Сўз» лойиҳаси доирасидаги Мустақиллик байрамига бағишланган саҳна тадбири ҳам ўзининг долзарблиги ва бадиий таъсирчанлиги билан алоҳида аҳамият касб этди.
[gallery-31012]
Тантанали адабий тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, адиб ва публицист, «Жадид» газетаси журналисти, «Келажак бунёдкори» медали соҳиби, шоир Шаҳриёр Шавкат ва бошқалар истиқлол ва янгиланишнинг тамал тошини қўйишда буюк аждодларимизнинг бой маънавий мероси муҳим асос бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Тадбир давомида томошабинларга халқимизнинг қадимги туркий даврларидан — Алп Эр Тўнга, Билга Хоқон, Тўмарис каби тарихий сиймолардан тортиб, Амир Темур ва темурийлар даври, Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб каби алломалар мероси, сўнгра Чўлпон, Фитрат, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон сингари ижодкорларнинг шеърий асарлари орқали мустақилликка эришиш сари босиб ўтилган тарихий йўл саҳналаштирилган ҳолда тақдим этилди.
«Сўз» лойиҳаси доирасидаги ушбу Мустақиллик байрами тадбири жамиятда миллий бирлик ва ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш, ёш авлодни тарихий хотира руҳида тарбиялаш, шунингдек, халқимизнинг мустақиллик йўлидаги буюк ютуқларини бадиий сўз ва саҳна орқали кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилди.
Тадбирда тарих ва бугунги кун уйғунлиги таъсирчан саҳна образлари орқали намоён этилди. Бадиий талқинлар орқали миллий ўзлик, Ватан тақдири ва авлодлар ворислиги каби муҳим мавзуларга алоҳида урғу берилди. Саҳнада янграган шеър ва қўшиқлар тадбирнинг мазмун-моҳиятини янада бойитиб, унинг таъсирчанлигини оширди.
Ижодкорларнинг чиқишлари томошабинларни миллий адабиётимиз ва тарихий меросимизга яна бир бор мурожаат этишга ундади. Тадбир давомида адабиётнинг инсон қалбига таъсир кўрсатиш, эзгу ғояларни тарғиб этиш ва маънавий қадриятларни асрашдаги ўрнига эътибор қаратилди. Шу жиҳатдан, «Сўз» лойиҳаси адабиёт, мусиқа ва саҳна санъатини бирлаштирган ўзига хос ижодий мулоқот майдони сифатида намоён бўлди.
Адабий тадбир самимий ва юксак руҳи, бетакрор шеърлар, куй-қўшиқлар ҳамда таъсирчан саҳна кўринишлари билан сўз санъати мухлисларида унутилмас таассурот қолдирди.
Назокат Усмонова,
Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА