Ўзбекистон иқтисодий ривожланиш моделининг ўзига хослиги айтилди
Президент Шавкат Мирзиёев Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи йиғилишида нутқ сўзламоқда.
Ёш, фаол ва тез ўсиб бораётган аҳоли Ўзбекистоннинг муҳим устунликларидан биридир. Бу тадбиркорлик, технологиялар, сервислар ва саноатни ривожлантиришнинг узоқ муддатли базасидир.
Аммо демографик ўсиш ўз-ўзидан муваффақиятни кафолатламайди. Бу салоҳиятни кучли интеллектуал ресурс – компетенцияларга, унумдорликка, юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ва технологиялар яратиш қобилиятига айлантириш керак.
–Биз ислоҳотларимизнинг илк давриданоқ бозор самарадорлиги ва ижтимоий масъулиятни уйғунлаштиришга ҳаракат қилиб келяпмиз. Ўзбекистон иқтисодий ривожланиш моделининг ўзига хослиги айнан шу жиҳат билан белгиланади. Ўсиш нафақат тез суръатларда, балки барқарор, инклюзив ва одамларнинг ҳаёт сифатини оширишга йўналтирилган бўлиши лозим.
Фақат сўнгги 5 йилда аҳолининг умумий даромадлари 2,5 баробар ошди. Биз учун асосий мезон бу юқори ҳаёт сифати, инсон қадр-қиммати ва ҳар бир одамнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришдир.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси айнан шу мақсадга эришишга хизмат қилади. Ушбу даврга қадар биз аҳоли даромадларини ўртачадан юқори даражага кўтариш, барча соҳаларни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш, иқтисодиёт ҳажмини яна бир ярим баробар – 240 миллиард доллардан кўпроққа ошириш ниятидамиз, – деди Президентимиз.
ЎзА