Ўзбекистон-Хитой: Тўқимачилик соҳасида инвестициявий ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасида Хитойнинг “Yifa Commercial Group” компанияси ҳамда Вэньчжоу шаҳридаги “Бир макон, бир йўл” корхоналарни ривожлантириш уюшмаси делегацияси билан учрашув ўтказилди.
Мулоқот давомида тўқимачилик тармоғига Хитой инвестицияларини жалб қилиш, Ўзбекистонда қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, тайёр маҳсулотлар савдосини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Хитойлик ҳамкорлар Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини йўлга қўйиш, савдо-тақсимот марказини ташкил этиш ва тайёр маҳсулотларни мамлакатимиз бозорига етказиб беришга қизиқиш билдирди. Шунингдек, сунъий ва синтетик толалар ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Учрашувда хорижий инвесторларга Ўзбекистонда яратилган қулай инвестиция муҳити, мавжуд имкониятлар, шунингдек, мамлакатимиздан Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва МДҲ давлатларига тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш салоҳияти ҳақида маълумот берилди.
Уюшма ахборот хизмати маълумотига кўра, “Yifa Commercial Group” 7-8 мингга яқин компания ва брендни бирлаштирган йирик саноат тузилмаси ҳисобланади. Гуруҳ Ханчжоу шаҳрида умумий майдони қарийб 700 минг квадрат метр бўлган 9 та савдо-ишлаб чиқариш мажмуасини бошқаради.
Учрашув якунида галдаги режалар белгилаб олинди. Шундан сўнг меҳмон томони мамлакатимиз тўқимачилик корхоналари вакилларини 28-29 август кунлари Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтадиган “Yifa” кийим-кечак соҳасида тажриба алмашиш бўйича XVI Бутунжаҳон конференциясига таклиф этилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА