Фармацевтика тизимининг асосий йўналишлари муҳокама қилинди
Соғлиқни сақлаш вазирлигида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази фаолиятини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Унда Соғлиқни сақлаш вазири ҳамда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан жалб этилган мустақил халқаро эксперт Драгос Гуту иштирок этди.
Маълумот учун айтиш лозимки, Драгос Гуту фармацевтика соҳаси бўйича халқаро эксперт сифатида Европанинг қатор давлатларида фаолият юритган. Жумладан, 2021–2025 йилларда Молдова Республикасининг Дори воситалари ва тиббий буюмлар агентлиги Бош директори лавозимида ишлаган.
Мулоқот давомида халқаро эксперт томонидан Марказ фаолияти ва миллий фармацевтика регулятор тизимининг асосий йўналишлари бўйича бир ой давомида ўтказилган комплекс аудит натижалари Соғлиқни сақлаш вазирига тақдим этилди.
Аудит доирасида дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, сертификатлаштириш, фармаконазорат, GxP инспекциялари, клиник тадқиқотлар, постмаркетинг назорати ҳамда мазкур йўналишларни тартибга солувчи қонунчилик ва амалий механизмлар батафсил ўрганилди.
Аудит натижасида аниқланган жиҳатлар, мавжуд камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича халқаро эксперт тавсиялари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази фаолиятини халқаро илғор тажриба ва стандартларга янада уйғунлаштириш, регулятор жараёнларнинг самарадорлигини ошириш ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 3-даражали етуклик даражасига — WHO ML3 эришиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро эксперт тавсиялари ва аудит натижалари асосида Марказ фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган аниқ вазифалар ҳамда амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш бўйича келишиб олинди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА