Ўзбекистон – Хитой: экологик таълим ва “яшил” кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик кенгаймоқда
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси ўринбосари И.Қутбиддинов бошчилигидаги делегация Хитой Халқ Республикасида бўлиб, экологик таълимни ривожлантириш, “яшил” техникумлар учун замонавий таълим дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда экологик йўналишларда малакали кадрлар тайёрлаш масалалари бўйича қатор учрашув ва музокаралар ўтказди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Хитойнинг таълим, илмий-тадқиқот ва экологик ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим келишувларга эришилди.
Хусусан, “Green University” ҳамда “Beijing Vocational Agricultural College” ўртасида профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, маърузалар ташкил этиш, шунингдек, ўқув-услубий материаллар алмашинувини назарда тутувчи меморандум имзоланди.
Шунингдек, “Green University” ва “Hainan Satellite Data and Application Research Center (HSDARC)” ўртасида экологик мониторингда сунъий йўлдош маълумотлари ҳамда масофадан зондлаш технологияларидан фойдаланиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжат доирасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, экспертлар алмашинувини йўлга қўйиш ва соҳа мутахассисларини тайёрлаш белгиланди.
“Energy and Environmental Development Research Center (EED) ва Green University” ўртасида ҳам ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Учрашувларда, шунингдек, Green University ҳузурида замонавий лаборатория ташкил этиш ишларини жадал бошлаш имкониятлари кўриб чиқилди.
Ташрифнинг муҳим йўналишларидан бири Ўзбекистонда ташкил этилаётган 14 та “яшил” техникум учун замонавий таълим дастурларини ишлаб чиқиш масаласи бўлди. Бу борада Ички Мўғулистондаги таълим муассасалари вакиллари билан музокаралар ўтказилиб, узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро мутахассисларни таълим жараёнига жалб этиш ҳамда қўшма таълим дастурларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Делегация аъзолари “Hohhot Vocational and Technical University” ҳамда “M-Grass Ecology and Environment (Group)” фаолияти билан танишиб, касбий таълимни ташкил этиш, малакали кадрлар тайёрлаш, экологик тиклаш ва кўкаламзорлаштириш бўйича Хитой тажрибасини ўрганди.
Ташриф доирасида BRIGC президенти, Хитой Халқ Республикаси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирининг собиқ ўринбосари жаноб Чжао Инмин билан ҳам учрашув ўтказилди. Мулоқот давомида “яшил” инфратузилмани ривожлантириш, экологик барқарорликни таъминлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, Оролбўйи ҳудудини тиклаш, чўлланишнинг олдини олиш, сув ресурсларини бошқариш ҳамда рақамли экологик мониторинг соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Умуман, ташриф доирасида эришилган келишувлар экологик таълим ва касбий тайёргарлик тизимини такомиллаштириш, илмий ҳамкорликни кучайтириш, замонавий экологик технологияларни жорий этиш ҳамда соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Хитой ўртасида экологик таълим, илм-фан, касбий тайёргарлик ва замонавий “яшил” технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш йўлида муҳим қадам бўлди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА