Тошкент — Маврикий йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади
Пойтахтда Ўзбекистон ва Маврикий ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш муносабати билан икки мамлакат туризм соҳаси вакилларининг очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Тадбир “Prestige Travel” компанияси ташаббуси билан Туризм қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилди. Унда Маврикийнинг етакчи туризм компаниялари ва меҳмонхона брендлари вакиллари, шунингдек, Ўзбекистоннинг маҳаллий туроператорлари иштирок этди.
Учрашувда икки давлат ўртасида туристик алоқаларни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, янги туристик маҳсулотларни шакллантириш ҳамда Маврикий бозорига Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, 2026 йил декабрь ойидан бошлаб Тошкент ва Африка қитъасида жойлашган Маврикий Республикаси ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади. Дастлабки босқичда 26 декабрь куни ҳамда январь ойида Тошкент — Маврикий — Тошкент йўналишида жами 4 та қатнов амалга оширилиши режалаштирилган. Кейинги босқичда эса 2027 йил июнь ойидан ушбу йўналишда ҳафтасига бир марта мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Янги авиақатновнинг аҳамияти икки мамлакат ўртасидаги транспорт алоқаларини яхшилаш билан чекланмайди. Мазкур йўналиш Ўзбекистон туризм саноати учун Африка қитъасидаги янги бозорларга чиқиш имконини беради. Шу билан бирга, Маврикий ва бошқа хорижий давлатлар фуқароларининг Ўзбекистонга ташриф буюриб, мамлакатнинг бой тарихий-маданий мероси ва туристик салоҳияти билан танишиши учун янги имкониятлар яратилади.
Шунингдек, Тошкентнинг Марказий Осиё ва МДҲ давлатларидан Маврикийга йўловчиларни йўналтирувчи транзит марказларидан бирига айланиши ҳам кутилмоқда. Келгусида Қозоғистон, Россия ва бошқа МДҲ давлатларидан сайёҳлар Тошкент орқали Маврикийга саёҳат қилишлари мумкин. Бу эса Тошкентнинг минтақавий авиация хаби сифатидаги салоҳиятини ошириш, транзит йўловчилар оқимини кўпайтириш ва Ўзбекистоннинг халқаро туристик йўналишлари географиясини кенгайтиришга хизмат қилади.
Тадбирда Ўзбекистонда туризм соҳасини янада ривожлантириш, мамлакатнинг халқаро туристик жозибадорлигини ошириш ва хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, 2026 йилдан бошлаб ҳар йили июнь–август ойларида “Очиқ туризм мавсуми” дастури амалга оширилмоқда. Мазкур дастур доирасида туризм бозори иштирокчилари учун кенг кўламли молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилган. Жумладан, хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга янги авиақатновларни йўлга қўяётган маҳаллий ва хорижий авиакомпаниялар давлат томонидан қўллаб-қувватланади. Уларга ҳар бир жалб қилинган хорижий турист учун 100 АҚШ доллари миқдорида субсидия, Ўзбекистон аэропортлари хизматларидан фойдаланишда 20 фоизлик чегирма ҳамда янги йўналишларни очиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаш имконияти тақдим этилади.
Узоқ хориж давлатларидан сайёҳларни жалб қилишда Ўзбекистон резиденти бўлган туроператорлар учун ҳам қўшимча рағбатлантириш чоралари назарда тутилган. Хусусан, узоқ хориж мамлакатларидан жалб қилинган ҳар 1000 нафар турист учун 5000 АҚШ доллари миқдорида субсидия ажратилади. Мазкур қўллаб-қувватлаш чоралари туроператорларга янги хорижий бозорларга чиқиш, маркетинг фаолиятини кенгайтириш ва Ўзбекистонга хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун қўшимча имконият яратади.
Тошкент — Маврикий йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистоннинг халқаро транспорт ва туризм салоҳиятини янада ошириб, мамлакатни нафақат туристик манзил, балки минтақавий транзит марказларидан бири сифатида ҳам мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА