Ўзбекистон бозоридаги бўшлиқлар: Бизнес учун истиқболли йўналишлар
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Рақобат қўмитаси мамлакатимизда тадбиркорлик ва сармоя учун истиқболли йўналишлар бўйича таҳлилий маълумотлар тўпламини тақдим этмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, қатор товар бозорларида маҳаллий ишлаб чиқариш ҳали ички талабни тўлиқ қопламаяпти. Хусусан, ўтган йил ва жорий йилнинг дастлабки ойларида 94 турдаги маҳсулот бўйича маҳаллий улуш пастлиги қайд этилган. Шунингдек, ички бозори тўйинмаган ва рақобат муҳити етарлича шаклланмаган 20 турдаги маҳсулотлар бўйича қўшимча ўрганишлар олиб борилди.
Эркин иқтисодий зоналардан келиб тушган мурожаатлар асосида эса 105 та товар бозори таҳлил қилиниб, уларнинг 55 тасида талаб юқори экани аниқланган.
Бу каби таҳлиллар тадбиркорларга бозордаги бўшлиқларни аниқлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва инвестиция қарорларини аниқ рақамларга таяниб қабул қилишда муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, бу маълумотлар мамлакат иқтисодиётида янги ишлаб чиқариш нуқталари ва истиқболли бизнес йўналишларини белгилаб берувчи муҳим манбага айланмоқда.
Н. Раҳмонова, ЎзА