Ўзбекистон - Беларусь парламентлараро форуми юқори савияда ўтказилади
Олий Мажлис Сенатида жорий йил 29 - 30 сентябрь кунлари Хива шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Ўзбекистон - Беларусь парламентлараро форумига тайёргарлик кўриш бўйича ташкилий қўмитанинг йиғилиши ўтказилди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқарган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Беларусь Республикасига 2026 йил 9 июль куни амалга оширган давлат ташрифи Ўзбекистон - Беларусь муносабатларини стратегик даражага олиб чиққани ҳамда сиёсий, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилгани таъкидланди.
Ташриф доирасида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперацияси, қўшма инвестиция лойиҳалари ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.

Уларни амалга оширишда икки мамлакат парламентлари муҳим ўрин тутади. Хусусан, парламент дипломатияси орқали ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш ва қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Йиғилишда Ўзбекистон - Беларусь парламентлараро форумига тайёргарлик кўриш, уни юқори савияда ташкил этиш, янги ҳамкорлик келишувларига эришиш ҳамда форум натижаларини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган чора-тадбирлар доирасида белгиланган вазифалар муҳокама қилинди.
Форумнинг асосий мақсади – икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни парламентлараро мулоқот ва парламент дипломатиясини ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва инновацион ҳамкорликни қўллаб-қувватлашнинг қонунчилик механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, саноат кооперацияси, рақамли трансформация, агросаноат мажмуаси, соғлиқни сақлаш, таълим, туризм ва инсон капиталини ривожлантириш соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш орқали мустаҳкамлашдан иборат.
Форум доирасида Парламентлараро комиссия, Ёшлар парламентларининг мажлиси, маҳаллий вакиллик органларининг учрашуви ҳамда Ўзбекистон - Беларусь аёлларининг тўртинчи бизнес-форумини ташкил этиш режалаштирилган.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон - Беларусь аёллари бизнес форумлари ўзини икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги самарали мулоқот майдони сифатида намоён этаётгани ҳамкорликнинг муҳим амалий натижаларидан биридир. Форумлар доирасида юзлаб тижорат шартномалари, инвестиция келишувлари ва ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида мустаҳкам ишбилармонлик алоқаларини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Маълумот учун: 2023 йил сентябрда Минск шаҳрида ўтказилган биринчи Ўзбекистон - Беларусь хотин-қизлар бизнес-форумида умумий қиймати 28,7 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган 42 ҳужжат имзоланган. 2024 йил августда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган иккинчи форум якунлари бўйича 89 миллион АҚШ долларидан зиёд қийматга эга 43 тижорат битими ва 22 меморандум қабул қилинган. 2025 йилдаги учинчи форумда эса жами 49 ҳужжат, жумладан, 88,2 миллион АҚШ доллари миқдорида 27 тижорат шартномаси имзоланган.

Тўртинчи бизнес-форумда тўртта секция, шу жумладан, саноат кооперацияси, қўшма инвестициялар ва меҳнат салоҳиятидан фойдаланиш, агросаноат мажмуасида озиқ-овқат хавфсизлиги ва биотехнологиялар, гуманитар ва ижтимоий соҳа ҳамда туризм соҳасида ҳамкорлик ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш йўналишлари бўйича муҳокамалар ўтказиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, икки мамлакат тадбиркор аёллари ва давлат органлари ўртасида “B2B” ва “G2B” форматида учрашувлар ташкил этиш, шунингдек, тижорат шартномалари, битимлар ва ҳамкорлик меморандумлари тузиш назарда тутилмоқда.
Ўзбекистон – Беларусь парламентлараро форумини юқори савияда ўтказиш бўйича вазирлик ва идоралар масъулларига аниқ топшириқлар берилди.
Н.Абдураимова, ЎзА