Халқ розилигини кўзлаган давлат бошқаруви ва ислоҳотлар самараси
Тараққиёт ва янгиланишлар даври ҳар бир давлат олдига замон билан ҳамнафас одимлаш, жамият ва фуқаролар манфаатига жавоб берадиган мослашувчан ва самарали бошқарув тизимини барпо этиш вазифасини қўймоқда.
Янги Ўзбекистоннинг стратегик тараққиёт йўлида амалга оширилаётган энг фундаментал ўзгаришлардан бири, шубҳасиз, давлат бошқаруви ва маъмурий ислоҳотлар соҳасида туб бурилиш яратилганидир.
Хусусан, давлат функцияларини амалга оширишда хусусий секторни жалб қилиш бўйича жорий этилаётган ислоҳотлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти натижадорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қолаверса, 2017 йилда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган концептуал ғоя мамлакатда маъмурий ислоҳотларнинг ижтимоий ва сиёсий пойдеворига айланди. Ушбу эзгу тамойил асосида ихчам, очиқ, самарали ва энг муҳими, инсон қадрига йўналтирилган давлат бошқаруви тизимини шакллантириш бўйича тизимли ва босқичма-босқич ишлар бошланди.

Жумладан, маъмурий ислоҳотлар тасодифий ёки вақтинчалик қарорлар асосида эмас, балки мустаҳкам меъёрий-ҳуқуқий ва стратегик дастурларга суяниб амалга оширилди. 2017 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси доирасида давлат бошқаруви тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг 6 та устувор йўналиши белгиланди ва махсус “Йўл харитаси” асосида 100 дан ортиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини қайта кўриб чиқиш белгиланди. Маҳаллий ҳокимликларнинг моддий-техник таъминоти ва уларнинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизими қайта кўриб чиқилиб, маҳаллий бюджетларни шакллантириш ва уларни бошқариш бўйича маҳаллий органларнинг мустақиллигини амалда таъминлашга эришилди.
Шунингдек, 2019 йилда Президентнинг “Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик вазифалари амалга оширилиши самарадорлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъулиятини оширишга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ишини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Қарори қабул қилиниб, уларга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси фаолияти самарадорлигини оширишнинг асосий йўналишлари белгиланди. Бош вазир ўринбосарларининг бир вақтнинг ўзида акциядорлик жамияти ва компаниялари ҳамда давлат улуши мавжуд бошқа ташкилотларга раҳбарлик қилиш амалиёти бекор қилинди ҳамда уларнинг сони оптималлаштирилди.
Соҳада амалга оширилган туб ислоҳотларнинг яна бири, бу 2017 йил Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилганлигидир. Ҳар бир туманда, мамлакат бўйича Давлат хизматлари маркази, олис ҳудудларда уларнинг 100 дан ортиқ филиаллари фаолияти йўлга қўйилди. Шу билан бирга, 600 дан ортиқ давлат хизматларини яшаш жойидан қатъи назар, экстерриториал тамойил асосида олиш имконияти яратилиб, фуқаролар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар сони ва хизмат кўрсатилиши учун талаб этиладиган муддат сезиларли даражада қисқартирилди, сифат ва самарадорлик оширилди.
Умуман олганда, маъмурий ислоҳотларнинг пировард ва олий мақсади – ҳар бир фуқаронинг кундалик ҳаётида енгиллик, адолат ва фаровонликни таъминлашдир. Давлат хизматлари марказлари ва “Ягона дарча” тизими йўлга қўйилгани боис, фуқароларнинг паспорт олиш, мулкни рўйхатдан ўтказиш, фарзандини боғча ёки мактабга жойлаштириш, тадбиркорликни рўйхатдан ўтказиш каби юзлаб юмушлари қулай ва онлайн шаклда ҳал этилмоқда. Бу эса идоралардаги узун навбатлар, қоғозбозлик ва коррупция хавфини нолга тенглаштирмоқда.
Маъмурий ислоҳотлар марказий аппаратни қисқартириш билан бир қаторда, ваколат ва ресурсларни тўғридан-тўғри қуйи бўғинга – маҳаллага узатишни таъминлади. Маҳаллаларда “ҳоким ёрдамчиси”, “ёшлар етакчиси” ва “хотин-қизлар фаоли” каби янги тизимларнинг йўлга қўйилиши давлатнинг ижтимоий ва иқтисодий қўллаб-қувватлови бевосита ҳар бир хонадонгача кириб боришига замин яратди.
Бу борада “Очиқ бюджет” тизимининг жорий этилгани фуқароларнинг давлат бошқаруви ва бюджет тақсимотидаги иштирокини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. Аҳолининг ўзи овоз бериш орқали маҳаллий бюджет маблағларини маҳалласидаги мактаб, йўл, тиббиёт муассасаси ёки ичимлик суви тармоғини яхшилашга йўналтирмоқда. Бу механизм орқали сўнгги йилларда минглаб муаммо фуқароларнинг бевосита ташаббуси билан ўз ечимини топди.
Шунингдек, давлат органлари фаолиятини тўлиқ равишда инсон манфаатларига хизмат қилиш тамойилига мослаштириш, рақамлаштириш кўламини кенгайтириш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Aйниқса, Давлат раҳбарининг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2023 йил 25 январдаги “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонлари ижро этувчи ҳокимият органларининг яхлит, ихчам ва замонавий тизимини шакллантиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Шу билан бирга, “Рақамли маъмурият” ва Электрон ҳукуматни ривожлантириш орқали инсон омили ва бюрократик тўсиқларни камайтиришга эришилди. Марказий ва ҳудудий ижро органларида тўлиқ электрон ҳужжат айланиши тизимига ўтилди.
Ушбу ислоҳотларнинг энг мустаҳкам институционал кафолати сифатида 2023 йил 30 апрель куни умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизни кўрсатиш мумкин. Янгиланган Бош қомусимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мажбурияти сифатида мустаҳкамланди.
Яна бир ижобий жиҳат маъмурий ислоҳотларнинг ижобий шабадаси хусусий сектор ва тадбиркорлик субъектлари ҳаётида яққол сезилди. Илгари ойлаб вақт ва кўплаб идоралар остонасини хатлашни талаб этадиган ҳужжатлаштириш жараёнлари бир неча дақиқа ёки соатларга туширилди.
Хусусан, “Лицензия” ахборот тизими ишга туширилиши натижасида 50 дан ортиқ лицензия ва рухсатномалар мутлақо бекор қилинди, 100 га яқини муқобил ва соддалаштирилган шаклларга ўтказилди. Айрим давлат функциялари, жумладан, лойиҳалаш ва баҳолаш ишлари босқичма-босқич хусусий секторга ва мустақил бозорга ўтказиладиган бўлди.
Солиқ ва божхона маъмуриятчилиги ҳам тубдан қайта кўриб чиқилди. Давлат солиқ органлари “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорларга бизнес юритишда кўмаклашишга ўтди. Тадбиркорлар текширувларини рўйхатга олишнинг “Ягона электрон тизими” жорий этилиб, асоссиз ва ноқонуний текширишларга чек қўйилди. Бизнес омбудсман институтининг ваколатлари кенгайтирилиб, хусусий мулк ва тадбиркорлар манфаати ишончли ҳимояга олинди.
Умуман олганда, мазкур ижобий ўзгаришлар кўлами ва кўзланган юксак мақсадларнинг амалий ижросини давлат бошқаруви ва назоратида Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ва таъсир кучи сезиларли даражада оширилганида ҳам яққол кўриш мумкин. Хусусан, сўнгги ўн йилликда жамоатчилик назоратининг муҳим бўғини сифатида ННТларнинг роли кенгайтирилгани билан бир қаторда, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний қарорлари ёки хатти-ҳаракатларидан фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида тизимда маъмурий судлар институти ташкил этилди. Бу эса “давлат – инсон учун” тамойилининг амалда қарор топишига, ижро ҳокимияти фаолияти устидан адолатли суд назорати ва таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатилишига хизмат қилмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар халқимизни рози қилишга ҳамда Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдонда кенг эътироф этилишига хизмат қилмоқда. Бу эса мамлакатда амалга оширилаётган янги босқичдаги ислоҳотлар, олиб борилаётган прагматик ички ва ташқи сиёсатнинг қанчалик тўғри ва самарали эканидан далолат беради.
Шерзод ЖЎРАЕВ,
юридик фанлари номзоди, доцент,
Тошкент давлат юридик университети
Маъмурий ва молия ҳуқуқи шўъбаси мудири.
ЎзА