Ўзбекистон банк тизимида кредитлар 636 триллион, депозитлар 461 триллион сўмга етди
Ўзбекистон банк тизимида кредитлаш ва жамғарма кўрсаткичларининг барқарор ўсиши иқтисодиётдаги ижобий жараёнларнинг муҳим индикаторларидан бири бўлиб қолмоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, мамлакат банк тизимидаги жами кредитлар қолдиғи 636 триллион сўм, депозитлар ҳажми эса 460,6 триллион сўмга етди. Бу кўрсаткичлар молия секторида барқарорлик сақланаётгани, бизнес ва аҳолининг банк хизматларидан фойдаланиш даражаси ортиб бораётганини кўрсатади.
Кредит портфелининг 403,1 триллион сўми юридик шахслар ҳиссасига тўғри келиши ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда банк тизимининг ўрни тобора ортиб бораётганини англатади. Корхоналарнинг молиявий ресурсларга кенгроқ эга бўлиши иқтисодий фаолликни ошириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.
Жисмоний шахсларга ажратилган 232,9 триллион сўмлик кредитлар эса аҳолининг ипотека, таълим, автокредит ва истеъмол кредитларига бўлган талаби юқори эканини кўрсатади. Бу ички истеъмол бозорида талабнинг сақланаётганини ҳам англатади.
Банк тизимидаги депозитлар ҳажмининг 460,6 триллион сўмга етгани аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг банкларга бўлган ишончи мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Депозитлар таркибида юридик шахслар маблағлари 282,1 триллион сўмни ташкил этган бўлса, аҳоли омонатлари 178,5 триллион сўмга етди. Бу жамғарма маданияти ривожланаётгани ва банкларнинг молиявий ресурс базаси тобора кенгайиб бораётганини англатади.
Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, Тошкент шаҳри кредит ва депозитлар ҳажми бўйича мутлақ етакчиликни сақлаб қолмоқда. Пойтахтда кредитлар ҳажми 292,3 триллион сўмни ташкил этиб, мамлакатдаги умумий кредитлар қарийб 46 фоизни ташкил қилган. Бу ерда йирик саноат корхоналари, банклар, молиявий институтлар ва хусусий бизнес субъектлари фаолияти юқори даражада экани билан изоҳланади.

Депозитлар бўйича ҳам Тошкент шаҳрининг улуши жуда юқори бўлиб, 351,6 триллион сўм, яъни республикадаги барча депозитларнинг 76 фоиздан ортиғи пойтахт ҳиссасига тўғри келади.
Шу билан бирга, Фарғона, Самарқанд, Тошкент ва Қашқадарё вилоятлари кредитлаш бўйича фаол ҳудудлар сифатида қайд этилган бўлса, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятлари депозитлар ҳажми юқори бўлган ҳудудлар қаторига кирди.
Кредит ва депозитларнинг асосан пойтахтда жамлангани мамлакатда иқтисодий фаоллик ва молиявий ресурсларнинг ҳудудлар бўйича бир текис тақсимланмаганини кўрсатади. Келгусида ҳудудларда тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва замонавий молиявий хизматларни кенгайтириш орқали мазкур тафовутни қисқартириш мумкин.
Хулоса ўрнида айтиш жоиз, кредитлар ва депозитлар ҳажмининг ўсиши мамлакат иқтисодиётида ижобий тенденциялар сақланаётганини кўрсатади. Банк тизими реал секторни молиялаштиришда муҳим таянч бўлиб хизмат қилмоқда, аҳоли ва бизнеснинг банкларга бўлган ишончи эса йил сайин мустаҳкамланмоқда. Бу эса инвестицияларни жалб этиш, янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш учун мустаҳкам молиявий асос яратаётганидан далолат беради.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА