“Ўзбекистон – 2030”: энг устувор вазифа – стратегик ҳужжатларнинг ижросини мувофиқлаштириш
Стратегик ҳужжатлар мамлакатни барқарор ривожлантиришга қаратилган мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. Айни мақсадларда “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
Ҳужжатда белгиланган вазифалар ижроси, моҳияти хусусида Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлигининг лойиҳа офиси раҳбари Азиза УМАРОВА билан суҳбатлашдик.
– Стратегик ҳужжатларнинг самараси, аввало ижрони ташкил этиш, доимий мониторинг ва баҳолаш тизимини йўлга қўйиш, ўзаро мувофиқликни таъминлашга боғлиқ, – дея фикрини бошлади Азиза Умарова. – Жаҳон амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, барқарор ривожланишга эришган давлатлар стратегик режалаштиришни фақат алоҳида ҳужжатларни қабул қилиш ёки улар ижросини мониторинг қилиш билан чеклаб қўймайди. Масалан, Сингапур тажрибасида барча давлат дастурлари узоқ муддатли миллий ривожланиш стратегиясига қатъий боғланган ҳолда шакллантирилади ва бюджет жараёни билан тўлиқ интеграция қилинади.
Жанубий Кореяда эса стратегик режалаштириш беш йиллик миллий режалар орқали амалга оширилиб, улар соҳавий сиёсатлар ва инвестиция дастурлари билан узвий боғланган. Ҳар бир вазирлик ўз фаолиятини миллий стратегия мақсадларига мос равишда режалаштиради ва натижалар бўйича қатъий ҳисобдорлик тизими йўлга қўйилган.
Буюк Британия амалиётида “spending review” механизми орқали давлат харажатлари стратегик устуворликлар билан боғланади. Бу жараёнда ҳар бир дастурнинг самарадорлиги баҳоланиб, молиялаштириш натижаларга қараб қайта тақсимланади. Шу тариқа, илғор давлатлар тажрибаси стратегик режалаштиришни алоҳида ҳужжатлар йиғиндиси эмас, балки концепциядан тортиб ижро ва баҳолашгача бўлган ягона, мувофиқлаштирилган ва натижага йўналтирилган тизим сифатида ташкил этиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Юртимизда стратегик режалаштиришни тўлиқ қамраб олган ягона тизимни шакллантириш, яъни концепциядан бошлаб ижрогача бўлган барча жараёнларни уйғунлаштириш бўйича муҳим ҳуқуқий ва институционал асослар яратилди. Жумладан, давлат бошқарувида натижадорликни ошириш ва KPI асосида баҳолашни жорий этишга қаратилган “Стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизимини жорий этиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон, “Стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизимини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш ва самарали йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ҳамда мамлакат тараққиётининг узоқ муддатли устувор йўналишларини белгилаб берган “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги жорий йилги фармон бу борада ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Мазкур ҳужжатлар орқали стратегик режалаштиришга бўлган ёндашув сифат жиҳатдан ўзгармоқда. Эндиликда гап фақат алоҳида стратегиялар ҳақида эмас, балки барча стратегик ҳужжатларнинг ягона тизимда шакллантирилиши, уларнинг ўзаро боғлиқлиги, миллий стратегияга қатъий бўйсундирилиши, шунингдек, режалаштириш, молиялаштириш, ижро ва баҳолаш жараёнларининг комплекс тарзда ташкил этилиши ҳақида бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, давлат сиёсатининг изчиллигини таъминлаш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва энг муҳими – белгиланган стратегик мақсадларга амалда эришиш учун мустаҳкам асос яратади.
– Стратегик режалаштиришнинг янги босқичи қандай самарали мақсадларга йўналтирилган?
– Сўнгги йилларда мамлакатимизда стратегик режалаштириш тизими сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси давлат ва жамият тараққиётининг устувор йўналишларини белгилаб берувчи муҳим дастурий ҳужжат сифатида қабул қилинди.
Мазкур стратегияда инсон капитали ривожи, иқтисодий ўсиш, ижтимоий ҳимоя, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида аниқ мақсадлар белгиланган. Шу билан бирга, унинг самарали амалга оширилиши кўп жиҳатдан ижро жараёнларини тизимли ташкил этиш ва доимий мониторинг қилишга боғлиқ.
Замонавий бошқарув амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, ҳар қандай стратегик ҳужжатнинг қиймати унинг қабул қилиниши билан эмас, балки амалдаги натижалари билан белгиланади.
Шу нуқтаи назардан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини мунтазам кузатиб бориш, натижаларни баҳолаш ва тегишли хулосалар чиқариш муҳим аҳамият касб этади.
Бу борада мақсадлар ва вазифаларнинг аниқ кўрсаткичлар (KPI) орқали белгиланиши, уларнинг бажарилишини реал вақт режимида кузатиш, давлат органлари фаолиятини баҳолаш каби механизмлар алоҳида аҳамиятга эга.
Мониторинг тизими нафақат ижро ҳолатини билиш, балки муаммоли йўналишларни эрта босқичда аниқлаш ва уларни бартараф этиш имконини беради.
Бугунги кунда мамлакатда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси билан бир қаторда соҳавий ва ҳудудий ривожланиш дастурлари ҳам амалга оширилмоқда. Шу сабабли стратегик ҳужжатлар ўртасидаги ўзаро мувофиқликни таъминлаш долзарб масала ҳисобланади.
Яъни, соҳавий стратегиялар миллий мақсадларга хизмат қилиши, ҳудудий дастурлар умумий устувор йўналишлар билан уйғун бўлиши, инвестиция лойиҳалари стратегик мақсадларга боғланиши зарур. Бу эса ресурслардан самарали фойдаланиш, такрорланишларнинг олдини олиш ва белгиланган натижаларга тезроқ эришиш имконини беради.
– Стратегия ижросида рақамли технологияларнинг ўрни қандай?
– Ягона рақамли платформа орқали стратегик режалаштириш, ижро жараёнлари, мониторинг ва баҳолаш тизимли равишда бирлаштирилмоқда. Бу эса маълумотларнинг шаффоф ва ишончлилигини таъминлаш, инсон омилини камайтириш, қарор қабул қилиш тезлигини ошириш имконини беради.
Ҳар бир ҳужжатнинг самарадорлиги Рақамли платформа орқали доимий равишда мониторинг қилиниб, баҳолаш ишлари олиб борилади. Бунда мақсадли кўрсаткичларга масъул бўлган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳар бир самарадорлик кўрсаткичига эришиш бўйича ҳақиқий маълумотлар, натижалар ва тасдиқловчи ҳужжатлар доимий равишда киритиб борилиши белгиланган.
Шунингдек, миллий даражадаги кенг қамровли стратегик режалаштириш ҳужжатларининг асосий самарадорлик кўрсаткичлари бўйича давлат органлари рейтинги тузилади. Бу Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан давлат органлари фаоллигининг миллий рейтингини шакллантиришда инобатга олинади.
Соҳа, тармоқ, ҳудудларни ривожлантириш билан боғлиқ дастурлар (чора-тадбирлар, “йўл хариталари”, режалар ва бошқалар)ни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларидаги маблағ ажратилишини талаб қиладиган масалалар вазирлик ва идоралар томонидан Рақамли платформанинг тегишли модулидаги маълумотларга боғлаш орқали асослантирилиши назарда тутилган.
Рақамли платформада соҳа, тармоқ, ҳудудларни ривожлантириш билан боғлиқ дастурларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасидаги маблағ ажратилишини талаб қиладиган масалалар асослантирилмаган лойиҳа Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан келишилмаслиги ягона тартиб сифатида ўрнатилиши назарда тутилмоқда.
Мазкур тартиб орқали давлат органларига юклатилган устувор вазифаларни юқори аниқликдаги маълумотлар орқали назорат қилиш имкони яратилади ҳамда стратегиянинг натижалари очиқ, шаффоф бўлиши кафолатланади.
Шу маънода, стратегик режалаштиришдан амалий натижаларга ўтиш, яъни “мақсад — ҳаракат — натижа” тамойилини тўлиқ жорий этиш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
ЎзА мухбири
Абдулазиз РУСТАМОВ
суҳбатлашди.