Ўзбек ёшлари Японияда биринчи илмий сунъий йўлдошни ясамоқда
“Ўзбеккосмос” агентлиги ахборот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон тарихида илк бор миллий илмий сунъий йўлдошни яратиш жараёнлари бошланди. Бу мамлакатнинг космик ва технологик йўналиши учун стратегик қадам сифатида баҳоланмоқда.
Сабаби, сўнгги йилларда Ўзбекистонда космик технологиялар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ерни масофадан зондлаш, иқлим мониторинги, қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларини бошқариш каби йўналишларда космик маълумотларга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда.
Шу нуқтаи назардан, илмий сунъий йўлдош яратиш ташаббуси рамзий ёки PR лойиҳа эмас. Аксинча, у Ўзбекистоннинг узоқ муддатли илмий ва технологик суверенитетини таъминлашга қаратилган амалий эҳтиёж.
Мазкур лойиҳанинг Японияда Ўзбекистон ёш муҳандислари томонидан амалга оширилиши эса тасодифий танлов эмас. Кунчиқар юрт кичик ва ўрта ўлчамдаги илмий сунъий йўлдошларни яратиш бўйича дунёдаги етакчи мактаблардан бирига эга. Айниқса, университетлар қошидаги космик лабораториялар ёш муҳандислар тайёрлашда самарали модел сифатида тан олинган.

Айнан шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда “Ўзбеккосмос” агентлиги 2025 йилнинг октябрь ойида 7 нафар ўзбекистонлик ёш муҳандисларни “Kyushu institute of technology” олийгоҳига магистратура йўналишида грант асосида ўқишга юборди.
Мазкур лойиҳа доирасида ўзбекистонлик ёшлар сунъий йўлдошларни лойиҳалаш, йиғиш, синовдан ўтказиш ва бошқариш жараёнларида бевосита иштирок этмоқда. Бу эса тайёр маҳсулотдан кўра муҳимроқ натижадир, бу миллий кадрлар мактабини шакллантириш имконини беради. Яъни, Ўзбекистон буюртма қилишдан кўра узоқ муддатли технологик суверенитет яратиш моделидан бориб, босқичма-босқич миллий космик саноатни шакллантириш йўлида.
Ўзбекистонлик талабалардан иборат 7 нафар космик муҳандисларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
Муҳаммадсолиҳ Адҳамжонов, ёш муҳандис:
— Мен мазкур лойиҳада сунъий йўлдошнинг коммуникация қисми бўйича иш олиб бормоқдаман. Унинг асосий вазифаси сунъий йўлдош ва ер станцияси ўртасида барқарор ва самарали алоқа тизимини таъминлашдан иборат.
Аббосхўжа Акрамов, ёш муҳандис
— Сунъий йўлдош лойиҳасида “Ер станциясидан йўлдошни бошқариш дастурини ишлаб чиқиш” бўйича ишлаяпман. Шунингдек, сунъий йўлдошнинг қуйи тизимларини электр ва механик жиҳатдан бирлаштириб турувчи борт платасини лойиҳалаш ҳамда интеграция қилиш ишларида қатнашяпман. Дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, қуйи тизимларни ўзаро мувофиқлаштириш ҳамда шуларнинг узвий ва барқарор ишлашини таъминлаш менинг вазифаларимга киради.

Ҳабибуллоҳ Азимжонов, ёш муҳандис:
— Мен эса сунъий йўлдош тузилиши ва термал барқарорлигини лойиҳалаш билан шуғулланяпман. Бу фазовий ускуналарни лойиҳалаш ва таҳлил қилиш, аппаратларнинг учириш пайтидаги юкламаларини, тебранишларини, зарба ва фазодаги механик кучланишларга бардош бера олишини таҳлил қилишдан иборат. Шунингдек, мен сунъий йўлдош қисмларининг кескин иссиқ ва совуқ космик шароитларда хавфсиз ҳарорат оралиғида ишлашини таъминлаш бўйича ҳам ишлаяпман.
Аҳмадилло Сайфуллаев, ёш муҳандис:
— Мен мазкур лойиҳада “On-Board Computer”, яъни сунъий йўлдош ичидаги компьютер тизими учун жавоб бераман. Менинг асосий вазифам сунъий йўлдошнинг барча жараёнларини марказий компьютер орқали бошқариш. Бортнинг дастурий таъминотини ишлаб чиқариш, синовдан ўтказиш, турли ички тизимлардан келаётган маълумотларни қайта ишлаш ҳамда ер станцияси билан барқарор алоқани таъминлаш менинг вазифаларим сирасига киради. Шунингдек, тизимнинг барқарор ҳолатда доимий ишлаши ва барча носозликларни тезда аниқлаб, уларни хавфсиз тартибда ечиш назоратим остида бўлади.
Асилбек Шукуров, ёш муҳандис
— Лойиҳада “Attitude Determination and Control Systems (ADCS)”, яъни сунъий йўлдошнинг манёврлар бажариши, телеметрик маълумотлар йиғиб олиб, асосий компьютерга юбориши ҳамда йўлдошнинг барча ҳаракатга алоқадор бўлган қисмлари учун жавобгарман. Шу тизим ичида ҳозирда энг муҳим вазифаларим, бу — ҳар бир ADCS ускуналари учун дастурий таъминот ҳамда алгоритмларини тузиб бериш.

Бурҳон Уврайимов, ёш муҳандис
— Мен сунъий йўлдошдаги камералар ва улардан олиниши керак бўлган космик суратлар тизимига жавоб бераман. Менинг асосий вазифам камераларнинг барқарор ишлаши ва ернинг тиниқ расмини олиш ҳамда уни юборишдан иборат. Яъни, мен махсус камералар бортдаги компьютер билан мослигини ва бошқа тизимлар билан унинг алоқасини текшираман.
Шоҳрухбек Юнусов, ёш муҳандис
— Мазкур лойиҳада “Electrical Power System”, яъни электр қувват тизимлари бўйича масъулман. Йўлдошимизнинг барча модулларига етарлича ва барқарор энергия таъминлаш менинг энг муҳим вазифам. Бунинг учун қуёш панелларини танлаб олиб, улардан чиқадиган қувватни ҳисоблаб чиқиб, аккумулятор сиғимини аниқлашим зарур. Ундан ташқари, қувватни хавфсиз тақсимлаш схемаларини ишлаб чиқиш, электрон платаларни йиғиб синовдан ўтказиш, энергия барқарорлигини ҳисоблаш ҳамда тизимнинг ҳар бир режимида тўғри ишлашини текшириш менинг мажбуриятим. Кейинчалик “CubeSat” орбитага чиққанидан сўнг қувват телеметриясини кузатиб бориш ҳам менинг вазифаларимдан бири.
Илмий сунъий йўлдош мамлакатимиз олий таълим тизими учун ҳам муҳим платформага айланиши кутилмоқда. Унинг ёрдамида талаба ва ёш олимлар реал космик маълумотлар билан ишлаш имконига эга бўлади, муҳандислик соҳалари, амалий физика, IT ва аэро-космик йўналишларда амалий тадқиқотлар ривожланади, илмий ишланмаларни халқаро даражада ҳимоя қилиш имконияти кенгаяди.
Ушбу илмий сунъий йўлдош ясалишининг бошланиши нафақат техник жараён, балки мамлакатнинг илмий тафаккури ва технологик амбицияларини намоён этувчи муҳим босқич. Ушбу лойиҳа орқали Ўзбекистон нафақат космик технологиялардан фойдаланадиган, балки ўз билим ва инновацияларини яратувчи давлат мақомини шакллантириш сари қадам ташламоқда.
Нигора Раҳмонова, ЎзА