Ўзбек халқига ҳайкал қўя олган ижодкор
Адабиётимизда дурдона асарлар талайгина. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам ўзбек халқига ҳайкал қўйишга даъво қила олмайди. Илк ўзбек романи сифатида тан олинган “Ўткан кунлар” романи бундай улуғ шарафга муяссар бўлгач, унинг руҳида бир қанча асарлар дунё юзини кўрди. Бироқ, уларнинг ҳеч бири “Ўткан кунлар” турган шоҳсупага кўтарилганича йўқ.
Орадан бир ярим асрдан кўпроқ муддат ўтиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, бетакрор ижодий услуб соҳиби Тоғай Мурод ўз олдига ўзбек халқига ҳайкал қўядиган асар ёзишни мақсад қилди. Бу йўлда у тинимсиз меҳнат машаққати ҳамда оғир камситилишларни бошидан кечиришига тўғри келди. Асар яратилгач эса, турли сиёсий босимлар, уни чоп этмаслик азоби ҳам муаллиф елкасига оғир юк бўлди. Шунга қарамай, муаллиф асарни ўзгартирмаслик фикрида қатъий ирода намоён этди. Бу эса ўзининг ижобий самарасини бермай қолмади.
Ўзбек адабиётшунослик мактабининг ёрқин вакили, Ўзбекистон қаҳрамони Озод Шарафиддинов бу асарга юқори баҳо берди. У Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” романи эди. Асардаги воқеалар Деҳқонқул образи тилидан ҳикоя қилинади. Мазкур образга муаллиф ўзига хос миссия юклаган. Ҳатто унинг исми ҳам рамзий маънога эга. Деҳқон - қул. Дарҳақиқат, собиқ шўро даврида деҳқонлар қуллардан заррача фарқ қилмаган. Гап шундаки, биргина Деҳқонқул орқали ижодкор бутун Туркистон, ўзбек халқи ҳақида ўқувчида тасаввур уйғотади. Деҳқонқулнинг бобоси Жамолиддин кетмон оқ пошшодан нафратланиб ўтган, отаси Ақраб қўрбоши эса юзларча шўро аскарларини ер билан яксон қилиб шаҳид бўлган.
Шўро ҳукуматининг йирик вакили ҳисобланган генерал Чанешевни ўз жасорати ва ватанпарварлиги билан отдан тушишга мажбур қилган. Деҳқонқул-чи, у шўро ҳукуматига сидқидилдан хизмат қилди. Унинг қони-ю жонида дала, тупроқ, кетмон яшарди. Онасидан, боласи-ю аёлидан кўра кўпроқ далага меҳр қўйди. Мўл-кўл ҳосил билан ССР ҳукумати хирмонини тўлдирди. Ўшанда туркистонликлар қаторида ўзбеклар ҳам меҳнатлари самарасини кўзи кўрар эди-ю, оғзи тегмас эди. Деҳқонқул ҳам ана шундайларнинг бири эди. У меҳнат қилди, машаққат чекди. Оқибатда аёли барчасидан тўйди. Адолатсиз сиёсат оловида бир умр ёнишдан кўра, ўзига ўт қўйиб ҳаммасидан қутилишни афзал кўрди. Бу барча ўзбек аёлларининг аччиқ дарди эди.
Деҳқонқул шунча уқубат-у йўқотишлари эвазига мукофотсиз қолмади. Уни “халқ душмани” деган тамға билан сийлашди. Унинг иккита иқрори бор руҳий дунёсини намоён этади. “Куйди-куйди, аёлимнинг тани куйди. Куйди-куйди, болаларимнинг шўри куйди. Куйди-куйди, менинг бағрим куйди”. Ёки айтишга тил бормас жазоларга дуч келганда терговчига қарата шундай деган эди:
“Қилмаган ишимни қилдинг дедингиз, бермаган порамни бердинг дедингиз. Деҳқонда пул нима қилсин? Модомики, қилмаган айбимга иқрор бўлишим керак экан, эшитиб қўйинг. Сиздай амалдорлар кучукдай бўйнини чўзиб турганда ўзбеклар олдига суяк ташлагандирда. Бизнинг халқ меҳмонни сийлайдиган халқ”.
Умуман олганда, асарни ўқиш давомида ҳақиқий ўзбек хонадонида яшаётгандай, далаларда тинмай меҳнат қилаётгандай бўласиз. Муаллифнинг бу қадар халқчил ёзишни уддалаганига тан беради, киши. Роман қаҳрамонлари билан танишиб иқрор бўласизки, улар дарҳақиқат, ўзбек халқи, бағрикенг, софдил ва серғайрат халқ. Муаллиф ўз олдига қўйган улуғвор мақсадига етганига китобни мутолаа қилган ҳар бир ўқувчи иқрор бўлади. “Отамдан қолган далалар” романи миллатимиз ўтмиши, кечмишидир.
Қисқа қилиб айтганда, том маънода ўзбек халқига ҳайкал қўйишни уддалаган асар. Тоғай Мурод эса буни уддалаган ижодкордир.
Шербек Исломов
ЎзА