Ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги муносабатлар янги мазмун билан бойиб бораётгани эътироф этилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Тожикистон Республикаси Мажлиси Оли Мажлиси милли Раиси Рустами Эмомали бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Унда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида парламентлараро алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Қонун ижодкорлиги ва парламент назорати йўналишларида тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, ўзаро ишончи ва мунтазам мулоқоти туфайли тарихан яқин бўлган ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги муносабатлар янги мазмун билан бойитилгани эътироф этилди. Хусусан, жорий йил 26 - 27 март кунлари Тожикистон Президентининг Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи ҳамда Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши ўтказилгани икки томонлама ҳамкорликнинг янги истиқболларини белгилаб берди.
Р.Эмомали ўтган йили Тошкентда ўтказилган Парламентлараро иттифоқнинг 150 - ассамблеяси ҳамда жорий йил 4 - 6 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтган Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси юқори савияда ташкил этилганини алоҳида эътироф этди. Ушбу халқаро тадбирлар якунида қабул қилинган декларациялар парламентлараро мулоқотни ривожлантириш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Т.Нобоева яқинда Душанбе шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатларининг IV парламентлараро форуми юқори савияда ташкил этилганини қайд этди. Форум доирасида ташкил этилган муҳокамалар умумий минтақавий масалалар юзасидан парламентлар позицияларини яқинлаштириш, ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилашга хизмат қилади.
Учрашувда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, транспорт ва чегараолди инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда Тошкент ва Душанбе шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Маданий-гуманитар ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш, таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналишларида тажриба алмашиш муҳимлиги қайд этилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Тожикистон Республикаси Мажлиси Оли Мажлиси милли ўртасида 2027 - 2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича "йўл харитаси" имзоланди.
Р.Эмомали бошчилигидаги делегация пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Меҳмонлар марказнинг илмий-маърифий фаолияти, ноёб тарихий экспонатлари ҳамда аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссасини акс эттирувчи экспозициялар билан яқиндан танишди.

Тожикистон парламенти делегацияси марказнинг бой тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш, ислом цивилизациясининг жаҳон миқёсидаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этишдаги ўрнини эътироф этди.
Н.Абдураимова,
ЎзА