Ўзбек тилининг миллий корпуси яратилади
Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир. Бу йил ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 32 йил тўлди.
Шу муносабат билан давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табриги қалбларимизни ғурур ва ифтихорга тўлдирди. Табрикда охирги 3 йилда ўзбек тилини давлат тили сифатидаги нуфузи ва халқаро майдондаги мавқейини ошириш борасида эришилган ютуқлар эътироф этилди.
Дарҳақиқат, ўтган қисқа даврда ўзбек тилини ўрганиш ва ўргатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига чоп этилган Ўзбек тилининг изоҳли луғати, Ҳарбий атамаларнинг изоҳли луғати, Халқаро термин-элементларнинг изоҳли иллустратив луғати, Юридик терминларнинг русча-ўзбекча луғати, Ўзбек тили меъёрлари (пунктуация), Ижтимоий-сиёсий терминларнинг қисқача изоҳли луғати, Банк-молия терминларининг ўзбек тилидаги изоҳли луғати, Давлат тилида иш юритиш китобларининг нашрга тайёрланишида тилшунос олимларимизнинг хизматлари катта бўлди. Вазирлигимизга тақдим этилган юзлаб луғатлар тизимдаги ташкилотлар, барча олий таълим муассасалари ва филиалларнинг кутубхоналарига етказилди.
Давлатимиз раҳбарининг байрам табригида ўзбек тилини янада ривожлантириш борасидаги асосий вазифалар ҳам белгилаб берилди. Жумладан, давлат тилига оид барча маълумотларни ўзида жамлаган Ўзбек тили миллий корпусини яратишни тезлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбек тили миллий корпусини яратиш ўзбек тилшунослигида ҳам, замонавий ахборот технологиялари тизимида ҳам нисбатан янги йўналиш. Тил корпуси катта ҳажмдаги луғатларни тузиш учун асосий манба ва кучли ахборот ресурси ҳисобланади. Тил корпуси компьютер ёрдамида луғатларнинг тезлик билан тузилиши ва қайта ишланишини таъминлайди.
Корпуснинг сўзшунослик соҳасидаги аҳамияти шундаки, сўзнинг қўлланиш даври ва частотасини аниқлашда ҳеч қандай восита корпусга тенглаша олмайди. Яқин орада тил ўрганаётган ўқувчи ёки унинг бирор жиҳатини тадқиқ этаётган тадқиқотчининг бугунги кунда луғатга бўлган эҳтиёжи корпусга кўчиши шубҳасиз.
Бугунги кунда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг тилшунос олимлари томонидан ўзбек тили миллий корпусини яратиш бўйича илмий ва амалий ишлар олиб борилмоқда.
Университет олимларининг ташаббуси билан 2021 йилнинг май ойида ўтказилган «Ўзбек миллий ва таълимий корпусларини яратишнинг назарий ва амалий масалалари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда нафақат юртимиздаги, балки халқаро миқёсдаги мутахассислар ҳам амалий таклифлари билан иштирок этди. Конференция якунида халқаро тажрибаларни ўзлаштирган ҳолда, мукаммал миллий ва таълимий корпусларни яратиш борасидаги аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, Бухоро давлат университети, Самарқанд давлат университети олимлари томонидан ҳам ўзбек тили миллий корпусини яратишнинг назарий ва амалий масалаларига бағишланган тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Олиб борилаётган тадқиқотларнинг натижалари ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги мақомини ошириш, уни жаҳон мулоқот тили даражасига кўтариш, ўзбек тилини чет элларда ўрганиш ва ўргатиш, миллий тилимизнинг имкониятларини кенгайтиришда катта аҳамиятга эга.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда 2023 йил 1 январдан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтилишини таъминлаш мақсадида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг янги таҳририни тасдиқлаш ва шу асосда ўзбек тили имло қоидаларининг ишлаб чиқилиши, миллий алифбодаги айрим ҳарфларнинг ифодасига ўзгариш киритилиши ўзбек тили миллий корпусининг яратилишини тезлаштиради.
Ўзбек тили миллий корпусининг яратилиши ўзбек тилини «рақамлаштириш», интернет тилига айлантириш имконини беради.
Одинахон Жамолдинова,
Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси.