Ўзбек тили тадқиқи ва таълими муаммолари халқаро анжуманда муҳокама қилинди
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 37 йиллиги ҳамда Биринчи ўлка ўзбек тил ва имло қурултойининг 105 йиллигига бағишланган "Ўзбек тили тадқиқи ва таълими муаммолари" мавзусида халқаро илмий-назарий анжуман ташкил этилди.
Анжуман ЎзМУ Журналистика ва ўзбек филологияси факультети Ўзбек тилшунослиги кафедраси ташаббуси билан ўтказилди. Унда маҳаллий олимлар билан бир қаторда Туркия, Қозоғистон, Россия ва Озарбайжоннинг қатор нуфузли олий таълим муассасалари вакиллари ҳам иштирок этди.
Халқаро илмий тадбир Ал-Фаробий номидаги Қозоқ Миллий университети, Қозон Федерал университети, Л.Н. Гумилёв номидаги Евроосиё миллий университети, Анқара университети, Фират университети, Нигде Омер Ҳалисдемир университети, Боку Славян давлат университети ҳамда "Science and Innovation" халқаро илмий журнали ҳамкорлигида офлайн ва онлайн шаклларда ўтказилди.
Анжуманнинг ялпи мажлиси ва шўба йиғилишларида ўзбек тилшунослиги ҳамда туркологиянинг долзарб масалаларига бағишланган маърузалар тингланди. Иштирокчилар тил, имло ва алифбо масалалари, туркий тилларнинг муштарак жиҳатлари, ўзбек тилининг тарихий тараққиёти, амалий тилшуносликнинг замонавий йўналишлари ҳамда ўзбек тилини хорижий тил сифатида ўқитиш методикасини муҳокама қилдилар.
[gallery-32067]
Тадбир доирасида ўзбек тилини илмий жиҳатдан тадқиқ этиш, унинг тарихий ва замонавий хусусиятларини ўрганиш, шунингдек, тил таълими методикасини такомиллаштиришга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро анжуман олимлар ва мутахассислар ўртасида илмий фикр алмашиш, ўзбек тилшунослигининг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш ҳамда халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.
Ҳамроз Баёнов, Ўктам Хайитов (фото), ЎзА