Бола яна бир бор жабрланмаслиги керак
Бола жиноятдан жабрланганда, унинг азоб-уқубатлари воқеа содир бўлган пайт билан чекланиб қолмаслиги керак. Терговда воқеани қайта-қайта сўзлаб бериш, оғир кечинмаларни яна бир бор эслаш ёки гумон қилинувчи билан юзма-юз келиш боланинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис жабрланган болани ҳимоя қилиш нафақат жиноятни фош этиш, балки унинг қалби ва шаънини асрашни ҳам талаб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 14 октябрдаги «Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори айнан шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ҳужжатда жиноятдан жабрланган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, процессуал ҳаракатлар давомида уларнинг руҳий дахлсизлигини таъминлаш ва малакали ҳуқуқий ёрдам олиш имкониятларини кенгайтиришга доир чоралар белгиланган.
Менинг назаримда, қарорнинг энг муҳим жиҳати — бола манфаатларини тергов ва суд жараёнларида ҳам устувор қўйишга интилишдир. Чунки адолатни тиклаш жараёни бола учун янги руҳий синовга айланмаслиги лозим. Воқеани қайта-қайта баён қилиш заруратини камайтириш, боланинг ёши ва руҳий ҳолатини инобатга олиш, унинг хавфсиз муҳитда кўрсатма беришини таъминлаш ҳимоя тизимининг муҳим вазифасидир.
Қарорда процессуал ҳаракатларни ихтисослаштирилган хоналарда ўтказиш, болалар билан суҳбатлашиш бўйича махсус тайёргарликдан ўтган мутахассисларни жалб этиш, шунингдек, жараёнларни аудио ва видеоёзув орқали қайд этиш каби чоралар назарда тутилган.
Шунингдек, жабрланган боланинг гумон қилинувчи, айбланувчи ёки уларнинг яқинлари билан бевосита учрашувига нисбатан чекловлар белгиланган. Ушбу чора-тадбирлар боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уни ортиқча руҳий босим ва такрорий руҳий жароҳатланишдан асрашга қаратилган.
Яна бир муҳим жиҳат — болаларга малакали юридик ёрдам кўрсатишдир. Жиноят ишида жабрланувчи ёки гувоҳ сифатида иштирок этаётган бола ўз ҳуқуқларини мустақил равишда тўлиқ англаб етиши ва ҳимоя қилиши қийин бўлиши мумкин. Шунинг учун болалар билан ишлаш бўйича махсус тайёргарликдан ўтган адвокатлар томонидан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилиши уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Қарорда бу чорани 2027 йил 1 январдан жорий этиш белгиланган.
Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига тезкор муносабат билдириш ҳам ҳимоя тизимининг ажралмас қисмидир. Шу мақсадда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг 1246 ишонч телефонини 112 ягона диспетчерлик хизмати билан интеграция қилиш назарда тутилган. Бу мурожаатларни қабул қилиш ва қайта ишлаш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Энг муҳими, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишни фақат айбдорни топиш ва жазолаш билан чеклаб бўлмайди. Жабрланган боланинг хавфсизлигини таъминлаш, унинг шаъни ва қадр-қимматини асраш, руҳий тикланишига кўмаклашиш ҳам ғоятда муҳим. Бунинг учун давлат идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, психологлар, адвокатлар ва жамият вакиллари ҳамжиҳатликда ишлаши зарур.
Зеро, адолат излаб мурожаат қилган бола ҳимоя кутиб келган тизимнинг ўзида яна бир бор жабрланмаслиги шарт. Ҳар бир бола ўзини хавфсиз ҳис қилишга, унинг дарди эшитилишига ва ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишига ҳақли. Болаларни асраш — нафақат қонун талаби, балки давлат ва жамиятнинг виждоний масъулияти ҳамдир.
Норбобо Соатов,
Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Сирдарё вилояти Кенгаши раиси, халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг депутати
ЎзА