“Ўзбек геология қидирув” АЖ 2025 йилни қандай натижалар билан якунлади?
Бугун Миллий матбуот марказида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги “Ўзбек геология қидирув” АЖ фаолиятига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
Унда мазкур ташкилот фаолиятининг 2025 йил якунлари ва 2026 йил режаларига алоҳида урғу берилди. Қайд этилишича, геология-қидирув ишлари мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ривожи, миллий саноат салоҳиятини ошириш ва стратегик ресурслар базасини кенгайтириш йўлида муҳим аҳамият касб этади.

Рақамлар таҳлилига кўра, 2025 йилда акциядорлик жамияти геология қидирув ишларини олиб бориш, фойдали қазилма конларини излаш, баҳолаш ва топографик, геологик тасвирлаш, бурғилаш, ҳамда лаборатория таҳлил жараёнларини амалга оширди. Натижада давлат бюджети, НКМК (шартнома асосида) ва ОКМК маблағлари ҳисобидан 141 та лойиҳа асосида олтин, кумуш, мис, қўрғошин ва рух, вольфрам, ноёб металлар ва камёб ер элементлар, кўмир ва бошка норуда фойдали қазилмалар бўйича геологик қидирув ишлари олиб борилди. Йил якунида 20 та лойиҳа юзасидан геологик қидирув ишлари тугатилиб, якуний ҳисобот тузилди. Бунда аниқланган захира ва башорат ресурслари Давлат балансига қабул қилинди.

“Ўзбек геология қидирув” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Элмурод Эргашев таъкидлаганидек, 2025 йил давомида геология соҳасини рақамлаштириш, маълумотлар базаларини такомиллаштириш ва иш жараёнларини автоматлаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилган.
–Хусусан, геологик маълумотларни бошқариш ва назорат қилишни рақамли шаклга ўтказиш мақсадида “Намуналарни назорат қилиш” ахборот тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. Бундан ташқари геофизика ишларини самарали олиб бориш мақсадида 3 дона учувчисиз учиш аппарати, 2 дона геофизик комплекси, 9 дона рақамли ва кўп функцияли станциялар сотиб олинди. Айтиш керакки, бугунги кунда ташкилотимиз таркибида 5 та лаборатория фаолият юритмоқда. Ушбу лабораториялар давлат дастурида кўзда тутилган лойиҳалар доирасидаги барча таҳлилларни тўлиқ бажариб келмоқда. Хусусан, 2025 йилда лабораториялар томонидан 750 мингдан ортиқ таҳлиллар амалга оширилди.

Марказий лаборатория “O‘z MSt ISO 17043:2025” халқаро стандарти бўйича малака текшируви дастурларини ташкил этиш учун “O‘ZAK.ML.0003” аккредитацияси тўғрисида гувоҳномага эга бўлди. Бунда таҳлилларнинг ишончлилиги ва тўғрилигини назорат қилиш учун сертификатланган стандарт намуналардан кенг фойдаланилмоқда, – деди Э.Эргашев.
Тадбир якунида жорий йилги режалар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Унга кўра, Марказий Қизилқумда аэрогеофизик тадқиқотларнинг янги босқичи бошланади. Лойиҳалаштирилаётган тадқиқотларнинг умумий майдони 60 минг км2 ни ташкил этади. Биринчи босқичда қарийб 12 минг км2 майдонда ўрганишлар амалга оширилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА