Озарбайжон ва Туркманистон ўртасида кўплаб ҳужжатлар имзоланди
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Озарбайжонга расмий ташрифи давомида озарбайжонлик ҳамкасби Илҳом Алиев билан яккама-якка ва кенгайтирилган таркибда учрашув ўтказди. Мулоқот икки давлат ўртасида турли соҳаларда қатор муҳим ҳужжатлар имзоланиши билан якунланди.
Жумладан, томонлар ўртасида Саноат ҳамкорлиги дастури, Энергетика ҳамкорлиги шартномаси, Озарбайжон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2026-2029 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури каби ҳужжатлар имзоланди.
Музокарадан сўнг икки давлат раҳбарлари матбуот учун баёнот берди.
Озарбайжон ва Туркманистон минерал-энергетика ресурслари соҳасидаги саъй-ҳаракатни бирлаштириш ниятида. Бу ҳақда Илҳом Алиев қўшма матбуот анжуманида маълум қилди. Шунингдек, мамлакатлар юк оқимини янада кўпайтириш, учинчи мамлакатлардан транзит учун транспорт ва логистика тизимини мувофиқлаштиришга келишганликларини ҳам эълон қилди. Қўшимча қилинишича, Боку ҳар доим Туркманистоннинг бетарафлик сиёсатини қўллаб-қувватлаган ва бу амалиёт давом этади.
Бердимуҳамедов ўз навбатида Озарбайжон ва Туркманистон икки мамлакат орқали Шарқ-Ғарб транспорт ва транзит йўлакларини яратишда яқин ҳамкорликка келишилганини айтди. Бундан ташқари томонлар энергетика, транспорт ва саноат соҳаларида шерикликни ривожлантиришга тайёрликларини тасдиқладилар.
Туркманистон етакчиси “Dostluq” нефть танкери совғаси учун Озарбайжон раҳбарига миннатдорлик билдирди. Боку кемасозлик заводида қурилган бу танкернинг узунлиги 141 метр, кенглиги 16,9 метр, 7.875 тонна юк таший олади.
Озарбайжон Президенти матбуот хизмати баёнотига кўра, ушбу совға қардош мамлакатлар дўстона муносабати мустаҳкамланиб бораётганидан далолат.
С.Раҳимов, ЎзА