ОТБ Самарқандда мактабгача таълим соҳасини ривожлантиришга ёрдам беради
Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилиши доирасида банк масъуллари ва Самарқанд вилояти вилоят ҳокимининг учрашувида бу масала муҳокама қилинди.
Адиз Бобоев халқаро молиявий институти бозорларни ривожлантириш ва давлат-хусусий шериклик идораси раҳбари Такео Коике ҳамда 1-маслаҳат бўлими директори Муҳаммад Азим Ҳошими билан мулоқотда Самарқандда қарийб 100 та мактабгача таълим муассасасини давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва фойдаланишга топшириш масалалари кўриб чиқилди.
Айни пайтда вилоятдаги 43 та боғчани тўлиқ таъмирлаш учун саралаш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, янги қурилишлар учун вилоят ҳокимлиги томонидан қарийб 80 та ер майдони таклиф этилиши режалаштирилган.
Лойиҳани амалга ошириш босқичлари ҳам маълум, яъни 2026 йилнинг иккинчи чорагида икки босқичли тендер жараёни бошланади. 2027 йилда ғолиб инвестор билан давлат-хусусий шериклик шартномасини имзолаш кўзда тутилган. Қурилиш ишларини 2030 йилга қадар тўлиқ якунлаш режалаштирилмоқда.
Адиз Бобоев янги мактабгача таълим муассасаларини қуришда ҳудудларнинг аниқ эҳтиёжларини инобатга олиш муҳимлигини таъкидлаб, зарур ер майдонларини пухта шакллантириш лозимлигини қайд этди.
Учрашув якунида томонлар ушбу лойиҳани самарали амалга ошириш йўлида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири