“Ош сайли” — бирлик ва қадриятлар намойиши
Жиззах вилояти Фориш туманидаги Амир Темур маҳалласида жойлашган 55-умумтаълим мактабида ўтказилган “Ош сайли” оддий тадбир эмас, балки қадриятлар ва жамоавий бирликни тараннум этган воқеага айланди.
Унда мактаб, маҳалла ва оила учлиги уйғунлигида шаклланаётган тарбия тизимининг амалий Қозонларда қайнаган палов нафақат таом, балки асрлар давомида сайқал топган миллий анъаналаримизнинг тимсоли сифатида қадрланди. Ҳар бир синф жамоаси бу беллашувда ўзининг пазандалик маҳорати, ташкилотчилик салоҳияти ва энг муҳими — ҳамжиҳатлик фазилатини намоён этди.

Айниқса, кичик ёшдаги ўқувчиларнинг синф раҳбарлари бошчилигида ош тайёрлаш жараёнида фаол иштирок этгани, уларда меҳнатсеварлик, масъулият ва миллий қадриятларга ҳурмат туйғуси шаклланаётганидан далолат берди.

Мусобақа адолатли ва холис баҳоланиши учун тажрибали ҳакамлар ҳайъати фаолият юритди. Улар иштирокчиларнинг таом тайёрлаш техникаси, таъм, безак ва жамоавий ишлаш маданиятини ҳар томонлама синчиклаб баҳолади. Қизғин ва муросасиз кечган беллашув якунида 4-“Б”, 5-“Б” ва 11-“Б” синф жамоалари ғолибликни қўлга киритиб, тақдирланди.

Тадбир давомида 55-мактаб она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Сабо Отабекова билан суҳбатлашдик.
— “Ош сайли” — бу шунчаки мусобақа эмас, — дейди у. — Бу миллий ўзлигимизни англаш, қадриятларимизни ёш авлод қалбига сингдиришнинг таъсирчан шаклидир. Палов — ўзбек халқи учун бирлик рамзи. Қозон атрофида жам бўлиш, бирга меҳнат қилиш, бир дастурхон атрофида йиғилиш — буларнинг барчаси фарзандларимизни жамоада яшашга, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатга ўргатади.

— Бугунги глобаллашув шароитида ана шундай тадбирлар орқали биз болаларни ўз илдизига қайтаряпмиз. Улар нафақат китоб орқали, балки амалий жараёнда ҳам миллий анъаналарни ҳис этади, англайди. Энг муҳими, бундай беллашувлар уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат, халқимизга садоқат туйғусини мустаҳкамлайди.
Дарҳақиқат, “Ош сайли” мактаб ва маҳалла ҳамкорлигининг самарали намунаси сифатида намоён бўлиб, ёш авлодни миллий ва маънавий руҳда тарбиялашда муҳим аҳамият касб этди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири