Бахмалда картошка экиш қизғин
Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни диверсификация қилиш ва аҳоли эҳтиёжини барқарор қондириш борасида олиб борилаётган изчил сиёсат бугун амалий натижаларда ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, давлат раҳбарининг картошкачиликни ривожлантиришга қаратилган қарор ва топшириқлари ижроси жойларда тизимли таъминланаётгани соҳада янги ёндашув ва самарадорликни юзага чиқармоқда.
Жиззах вилояти Бахмал туманида айни кунларда картошка экиш ишлари жадал ва пухта режа асосида олиб борилмоқда. “Гулбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида 220 гектар, “Навбаҳор”да 170 гектар, “Бунёдкор”да 150 гектар ерлар агротехник талаблар асосида тайёрланиб, юқори ҳосилдорликка мўлжалланган уруғлар ерга қадалмоқда.

Экиш жараёнида хорижий селекция ютуқларидан самарали фойдаланилмоқда. Жумладан, Голландиядан олиб келинган “Аризона” нави ҳосилдорлик ва сифат кўрсаткичлари билан ажралиб туради. Бу эса ички бозорни рақобатбардош ва сифатли маҳсулот билан таъминлашга хизмат қилади.

— Ҳудудимиз иқлим шароити ва тупроқ унумдорлиги жиҳатидан картошка етиштириш учун жуда қулай, — дейди “Навбаҳор” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Шерзод Ҳазратов. — Шунинг учун ҳам бугунги ислоҳотлар доирасида асосий эътибор ҳосилдорликни ошириш, самарадорликни кучайтириш ва аҳолини арзон ҳамда сифатли маҳсулот билан таъминлашга қаратилган.
Барча жараёнларда замонавий техника ва инновацион агротехнологиялардан кенг фойдаланилмоқда. Сув ресурсларини тежаб ишлатиш, минерал ўғитлардан оқилона фойдаланиш, агротехник тадбирларни аниқ муддатларда бажариш каби омиллар ҳосилдорликни оширишда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

Амалга оширилаётган ишлар нафақат қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш, балки аҳоли бандлигини таъминлаш, қишлоқ жойларда даромад манбаларини кенгайтиришга ҳам хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бу каби ёндашувлар мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган давлат сиёсати ижросининг ҳаётий тасдиғи бўлиб майдонга чиқмоқда.

Бахмал далаларидаги бугунги меҳнат эртанги фаровонлик гаровидир. Картошкачиликни ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсати жойларда тўлиқ ва самарали амалга оширилаётгани эса қишлоқ хўжалигида барқарор ўсишни таъминлашга хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири