“Орол чекинса ҳам биз чекинмаймиз!”
Мен Мўйноққа илк бор келишим. Бу ерда қилинаётган ишларни кўриб, тўғриси ҳайратландим. Бу баландпарвоз гап эмас. Негаки, бизнинг вилоятда ҳам мана шундай чўл ҳудудларида жойлашган туманлар бор.
Мен Мўйноққа илк бор келишим. Бу ерда қилинаётган ишларни кўриб, тўғриси ҳайратландим. Бу баландпарвоз гап эмас. Негаки, бизнинг вилоятда ҳам мана шундай чўл ҳудудларида жойлашган туманлар бор. Аммо, қисқа даврда Мўйноқни, бу ерда қилинаётган бунёдкорлик ишларини кўриб, ҳар ким ҳам ҳайратланса керак.
Мўйноқни обод қилиш, Оролнинг қуриган тубида яшил ҳимоя ўрмонзорларни барпо қилиш ишларида ҳудуд ёшлари фаол иштирок этаётган экан. Уларга бу ерда қулай шароитлар яратиб берилганига гувоҳ бўлдим.

Орол тубида ўтказилган Халқаро пресс-клубда иштирок этиб бу ерда қилинган ва қилиниши режалаштирилаётган ишлардан хабардор бўлиб, ўзим учун хулоса қилдим. Мен билан бирга шу ерга ташриф буюрган мамлакатимиздаги барча вилоятларнинг Ёшлар иттифоқи кенгаши раислари ҳам ҳудудларидаги ёшларни бу ердаги оламшумул ишларга жалб қилиш, мана шундай катта ишларга озгина бўлса-да ҳисса қўшишни режалаштираётган бўлсалар керак.
Фурсатдан фойдаланиб республикамизнинг барча ёшларига қарата мурожаат қилиб айтмоқчиман, Президентимиз дунёнинг энг нуфузли, халқаро ташкилотлари минбаридан туриб дунё ҳамжамияти эътиборини Орол денгизи инқирози оқибатларини юмшатишга қаратган. Бу борада халқаро фондлар ташкил қилиниб, бошқа давлатлар, қўшни республикалар ҳам мана шу ишга ўзларининг ҳиссаларини қўшаётган бир пайтда Ўзбекистон аҳолиси, ёшлари четда қараб туриши, бу умуман тасаввур қилиб бўлмайдиган ҳолат, деб ўйлайман. Шунинг учун бутун мамлакатимиз ёшларини бирлашиб, Орол денгизи тубида қилинаётган ишларга озгина бўлса-да ўз ҳиссасини қўшишга чақириб қоламан.
Президентимиз йиғилишларнинг бирида биз бирлашсак барча мақсадларимизга эришамиз, деган эди. Биз ёшлар ҳам Орол тубидаги қумликлар ўрнида ҳимоя ўрмонзорларини барпо қилиш, юртимизнинг экологик ҳолатини яхшилаш, Мўйноқни обод қилишдек эзгу мақсад йўлида бирлашсак, кўзлаган мақсадимизга албатта эришамиз. Орол чекинса ҳам биз чекинмаймиз!
Ўйлайманки, юртимиз ёшлари бу каби чақириққа ўзларининг амалий ишлари билан жавоб берадилар. Шу ўринда биз ҳам вилоятимиз ёшлари билан Орол денгизининг қуриган тубида саксовул экиш ишларига кўмак бериш бўйича ўзимиз учун алоҳида вазифаларимизни белгилаб олдик.
Бу 2020 йилда амалга ошириладиган ишларимизнинг бир йўналиши бўлади. Чунки, биз ёшларнинг бу йилдан умидларимиз катта.
Жамшид ХЎЖАЕВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилоят кенгаши раиси.
Манба: “Қорақалпоғистон тонги” газетаси