Она сути — она ва бола саломатлиги гарови
Мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 сентябрдаги 636-сонли қарори билан тасдиқланган “Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш дастури” бу борада янги босқични бошлаб берди. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида жойларда амалий ишлар изчил йўлга қўйилмоқда.
Жиззах вилояти Дўстлик тумани тиббиёт бирлашмасида ўтказилган “Она сути — она ва бола саломатлигининг гарови” мавзусидаги семинар ана шундай саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлди. Унда соҳа мутахассислари, доя ва патронаж ҳамширалар, ёш оналар иштирок этиб, соғлом авлодни вояга етказишнинг устувор йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирда таъкидланганидек, она сути бу шунчаки озуқа эмас, балки ҳаёт манбаи, табиат инъом этган энг мукаммал неъматдир. У чақалоқ организмига тўлиқ мослашган бўлиб, унинг ўсиши ва ривожланиши учун зарур барча озуқа моддаларини ўз ичига олади. Энг муҳими, она сути боланинг иммун тизимини мустаҳкамлаб, уни турли юқумли ва аллергик касалликлардан ишончли ҳимоя қилади.

— Она сутининг ўрнини ҳеч қандай сунъий озуқа боса олмайди, — дейди Дўстлик тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли “Боғзор” филиали доя-патронажи Интизор Маҳкамова. — Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, она сути билан боқилган болалар нафақат жисмонан бақувват, балки руҳан барқарор бўлиб вояга етади. Шу боис ҳар бир она туғилган заҳотиёқ, илк 30 дақиқа ичида боласини эмизишни бошлаши ниҳоятда муҳим.
Мутахассис таъкидлаганидек, она сути нафақат бола, балки она саломатлиги учун ҳам беқиёс аҳамиятга эга. Эмизиш жараёни аёл организмини тиклашга хизмат қилади, қатор касалликлар хавфини камайтиради ва табиий равишда кейинги ҳомиладорликни режалаштириш имконини беради.

Шу нуқтаи назардан, қарор ижросида туғруқлар орасидаги интервални тўғри сақлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки она организмининг тўлиқ тикланиши ва соғлом фарзанд дунёга келиши кўп жиҳатдан ана шу омилга боғлиқ. Мутахассислар камида 2–3 йиллик танаффусни тавсия этадилар. Бу вақт давомида она организми мустаҳкамланиб, кейинги ҳомиладорликка тайёр ҳолга келади.
— Қисқа вақт ичида такрорий ҳомиладорлик аёл саломатлигига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин, — дея давом этади Интизор Маҳкамова. — Камқонлик, жисмоний заифлик, турли асоратлар хавфи ортади. Шунинг учун биз патронаж хизмати орқали ҳар бир хонадонга кириб, оналарга бу ҳақда изчил тушунтириш ишларини олиб борамиз.
Семинарда яна бир муҳим масала — янги туғилган чақалоқларда учрайдиган сарғайиш ҳолатлари ҳақида ҳам фикр алмашилди. Таъкидланишича, бу ҳолат кўпинча физиологик жараён бўлиб, бола организмининг мослашув босқичи билан боғлиқ. Бироқ айрим ҳолларда у жиддий касаллик белгиси ҳам бўлиши мумкин.

— Энг муҳими, она боласини тез-тез ва тўғри эмизиши керак, — дейди мутахассис. — Чунки она сути билирубин миқдорини табиий равишда камайтиришга ёрдам беради. Агар сарғайиш узоқ давом этса ёки боланинг умумий аҳволида ўзгариш кузатилса, албатта, шифокорга мурожаат қилиш зарур.
Бугунги кунда жойларда олиб борилаётган бундай тарғибот ишлари, айниқса, ёш оналарнинг тиббий маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, соғлом бола — соғлом оила, соғлом оила эса мустаҳкам жамият пойдеворидир.
Қарор ижроси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар эса айнан шу эзгу мақсадга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Она сутини тарғиб қилиш, тўғри эмизиш кўникмаларини шакллантириш, туғруқлар орасидаги интервални сақлашга доир тушунчаларни кенг ёйиш орқали келажак авлод саломатлигига мустаҳкам замин яратилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири