Ҳисоб палатаси фаолиятида рақамлаштириш жараёнлари изчил олиб борилмоқда
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида Ҳисоб палатасининг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи муҳокама қилинди.
Жумладан, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси йиғилишидаги муҳокамаларда таъкидланганидек, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан давлат аудити ва молиявий назорати тизимини тубдан такомиллаштириш, уни замонавий ёндашувлар асосида қайта шакллантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ҳисоб палатаси фаолияти 2025 йил давомида бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш билан бир қаторда уларнинг ижтимоий-иқтисодий натижадорлигига ҳам қаратилганлиги, қўшимча даромад манбаларини аниқлаш ҳамда ноқонуний харажатларнинг олдини олиш бўйича натижаларга эришилгани қайд этилди.
Шунингдек, Ҳисоб палатаси фаолиятида рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш орқали назоратнинг самарадорлиги оширилгани, “Масофавий аудит” тизими давлат молиявий назоратининг муҳим воситасига айлангани алоҳида таъкидланди.
Муҳокамалар давомида иқтисодиёт тармоқлари кесимида амалга оширилган аудит натижалари, жумладан қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги ва экологик йўналишларда ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлашга қаратилган ишлар муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
Шу билан бирга, фракция аъзолари Ҳисоб палатаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш орқали парламент назорати ва давлат молиявий назоратининг уйғунлиги таъминланаётганига эътибор қаратдилар. Ҳисоб палатаси ҳисоботида акс эттирилган натижалар бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш ҳамда маблағларнинг самарадорлигини оширишига қаратилганлигини қайд этдилар.
М.Комилова, ЎзА