Омбудсман талабномаларини вақтида кўриб чиқмаган мансабдорлар жавобгарликка тортилади
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонунда Омбудсманга қўшимча ваколатлар ва таъсир чоралари берилган эди. Хусусан, Омбудсман инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишига йўл қўймаслик ҳақида ташкилотларга ва мансабдор шахсларга огоҳлантириш, тақдимнома, илтимоснома ва талабнома киритиш ҳуқуқига эга.
Эндиликда Омбудсман институтининг ушбу янги ваколат ва таъсир механизмларини амалда самарали қўллаш учун ҳуқуқий асослар яратилмоқда.
Яъни, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилаётган ўзгартиришларга кўра, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) киритган талабномаларни мансабдор шахслар томонидан кўриб чиқмасдан қолдирганлик ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузганлик ёхуд улар юзасидан била туриб қасддан ишончсиз маълумотларни тақдим этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) фаолиятини янада самарали ташкил этишга қаратилган қонун лойиҳаси қуйи палата мажлисида биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ушбу ҳужжат Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятининг таъсирчанлигини ҳамда мансабдор шахсларнинг масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.
Муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда ҳам қабул қилинди.
М.Комилова,
ЎзА