Ўлмас Умарбеков: “Танланган асарлар”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, атоқли ёзувчи Ўлмас Умарбековнинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан нашр этилган “Танланган асарлар” номли китоби беназир адиб кўнгил хазинасининг энг ноёб ганжиналарини ўзида жам қилгани билан эътиборли.
Ўлмас Умарбеков асарлари орқали ўзбек характери – миллий менталитетидаги бутун жаҳон ибрат олса арзигулик қирраларини ғоят моҳирлик билан очиб бера олган адиб сифатида адабиётимизда ўз ўрнига эга ижодкор.
Ёзувчи маънавий меросининг яна бир ўзига хос аҳамияти шундаки, гарчи адибнинг қисқа умри адабиётимизнинг шўролар мафкураси қолипи даврида кечган бўлса-да, у моҳирлик билан инсон умрининг маъсум орзуларга омухта ёшлик даври, ундаги беғубор муҳаббат, меҳ-оқибатни тараннум этиш орқали мавжуд тузум, мафкура исканжасидан ташқарига чиқа олган.
Шунинг учун унинг қаҳрамонлари бугун ҳам биз учун бегона эмас – таниш, дилга яқин.
Китобдан адибнинг ўз даврида ўқувчилар меҳрини қозонган “Одам бўлиш қийин”, “Фотима ва Зуҳро” романлари, “Севгим-севгилим”, “Ёз ёмғири” қиссалари, шунингдек, “Ҳаёт қўшиғи, “Кўк дафтарнинг сири”, “Куз ҳавоси”, “Совға”, “Гул сотувчи қиз”, “Қиёмат қарз” каби ўндан зиёд сара ҳикоялари жой олган.
“Мен ҳам ёшлигимда кўп нарсаларга қизиққанман, – деб ҳикоя қилган эди ёзувчи. – Учувчиликни орзу қилган эдим, боғбон ҳам бўлмоқчи бўлганман. Аммо адабиёт ҳамма орзуларимдан кучлилик қилди. Шунинг учун бўлса керак, ўрта мактабни тугатганимда, ҳеч иккиланмасдан, Тошкент дорилфунунининг филология факультетига кирдим.
Назаримда, адашмаган эканман. Энди бўлса, адабиётсиз, бадиий ижодсиз ҳаётимни тасаввур қилолмайман”.
Дарҳақиқат, Ўлмас Умарбеков қарийб қирқ йил адабиёт отлиғ қозонда қайнади – тинимсиз изланди, ижод қилди ва ўзидан арзирли ва салмоқли мерос қолдирди.
Қатор романлар, қисса ва ҳикоялар, “Қиёмат қарз”, “Шошма, қуёш”, “Оқар сув”, “Суд”, “Комиссия”, “Кузнинг биринчи куни”, “Аризасига кўра”, “Курорт”, “Ер ёнганда” каби драматик асарлар яратди. “Икки солдат ҳақида қисса”, “Ўзгаларни деб”, “Қалин қорлар бағридаги учрашув” каби киносценарийлар ёзди.
Адиб асарларини ўқир экансиз, адабиёт даврлар ва дилларни бир-бирига пайванд эта оладиган катта куч эканлигига амин бўласиз.
Ўлмас Умарбековнинг “Танланган асарлар” китобини, албатта, ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА