Норқобил Жалиловдан ёш журналистларга маҳорат сабоқлари
Сўзнинг қадри, фикрнинг таъсири ва журналист масъулияти ҳақида самимий мулоқот.
Журналистика шунчаки ахборот етказиш эмас, балки сўз орқали инсонни ўйлантириш, воқеликни холис ёритиш ва жамиятга таъсир кўрсатиш санъатидир. Бу касбни чуқур англаш, унинг нозик жиҳатларини ўрганишда эса тажрибали устозлар сабоғи муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ташаббуси билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, устоз ижодкор Норқобил Жалилов иштирокида ташкил этилган навбатдаги «Маҳорат мактаби» машғулоти ҳам ана шу мақсадга хизмат қилди.
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган учрашувда журналистика йўналишида таҳсил олаётган талабалар иштирок этиб, тажрибали журналистнинг касбий қарашлари, ижодий тажрибаси ва тавсияларини тинглаш имконига эга бўлди.
Машғулот давомида журналистик материал тайёрлашнинг ўзига хос жиҳатлари, айниқса, мақола ёзишда мавзу танлаш, фикрни аниқ ва таъсирчан ифодалаш, сўзларни ўринли қўллаш ҳамда воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини чуқур очиб бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, яхши мақола фақат маълумот бериш билан чекланмайди – у ўқувчини мушоҳадага чорлайди, қалбига йўл топади ва хотирасида қолади.
[gallery-32137]
Норқобил Жалилов ўзининг кўп йиллик журналистик фаолияти давомида тўплаган тажрибаси билан ўртоқлашар экан, журналистикада сўзга масъулият билан ёндашиш, ҳар бир фикрни пухта ўйлаш ва мавзуни атрофлича ўрганишнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди. Устознинг ҳаётий кузатувлари ва касбий тажрибаси ёшлар учун назарий билимларни амалий кўникмалар билан бойитишга хизмат қилди.
Учрашувнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, у оддий маъруза билан чекланиб қолмади. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, журналистик ижод, мақола тайёрлаш ва касб сирларига оид масалалар юзасидан жавоб ҳамда тавсиялар олди. Самимий мулоқот давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган мавзулар бўйича фикр алмашиб, келгуси ижодий фаолиятлари учун зарур хулосалар чиқариш имконига эга бўлди.
Дарҳақиқат, журналистикада маҳорат бир кунда шаклланмайди. У мутолаа, изланиш, кузатувчанлик, изчил меҳнат ва тажриба орқали сайқал топади. Энг муҳими, ҳар бир сўз ортида масъулият, ҳар бир мақола замирида эса ҳақиқатга интилиш мужассам бўлиши лозим.
«Маҳорат мактаби» машғулотлари ҳам айнан шу эзгу мақсад – ёш журналистларнинг касбий билим ва кўникмаларини ошириш, уларни тажрибали қалам соҳиблари билан юзлаштириш, ўзаро тажриба алмашиш ва журналистика соҳасидаги маҳоратини ривожлантиришга қаратилган.
Бундай учрашувлар ёшлар учун нафақат билим манбаи, балки танлаган касбига янада масъулият билан ёндашишга ундайдиган муҳим ҳаётий сабоқ ҳамдир.
Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА