Ўксик қалблар учун энг яхши совға меҳрдир
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни
Сирдарё вилоятида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Аёлни эъзозлаш – эзгулик ва адолат мезони” шиори билан “Хотин-қизларни эъзозлаш ҳафталиги” ўтказилмоқда.
Ҳафталик доирасидаги ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилоят кенгаши томонидан Янгиер шаҳридаги “Мурувват” аёллар интернат уйида ташкил этилди. Интернатда яшаётган аёллар ҳолидан хабар олинди уларга совғалар улашилди.

– Беморлар учун қулайлик, муносиб шароитлар яратилган, – дейди интернат директори Нафиса Шарипова. – Ҳомий ташкилотлар, саховатпеша инсонлар молиявий кўмак кўрсатиш ташаббуси билан келади, бу бизни янаям қувонтиради. Уларнинг “нима камингиз бор, олиб берамиз” деган гапларига айтарли жавоб топа олмайман. Сабаби барча моддий-техник анжомларимиз етарли.

Интернат уйида 162 нафар бемор аёл даволанмоқда. Уларга 132 нафар тиббиёт ходими хизмат кўрсатмоқда. Даволанувчилар йил давомида икки марта чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Шунингдек, кутубхона ва ўқиш зали, тўгарак хоналари аёлларнинг севимли жойига айланган. Тўгарак машғулотларида расм чизиш, қўғирчоқ ясаш каби ишлар бажарилади. Бу каби машғулотлар уларнинг руҳий аҳволи яхшиланиши, ҳаётга қизиқиши ортиши, энг асосийси, дунёда борлигини ҳис қилишига кўмаклашади.

Интернат уйида мўжаз тикувхона ташкил этилган бўлиб, 4 та тикув дастгоҳи ёрдамида ётоқ кийимлари, чойшаблар тикилади. Беморлардан ортиб қолган кийимлар бозорда сотилади. Даромад керакли эҳтиёжларга сарфланади. Нафиса опанинг тадбиркорлиги бу билан чегараланмаган. Ҳовлида иссиқхона ташкил этилган бўлиб, бу ерда кўкатлар етиштирилмоқда. Ҳудуддаги 600 туп экилган кўчат ҳозирда қуюқ мезаворга айланган.
Бу ерда яшаётган, ишлаётганлар бир-бирига меҳрибон. Доимий ғамхўрлик самарасида соғайиб, оиласи бағрига қайтганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади.
Шуҳрат Суяров, ЎзА