“Оиламиз – келажагимиз” ойлиги муваффақиятли ўтмоқда
15 май – Халқаро оила куни
Халқимизда азалдан оила муқаддас қўрғон саналган. Мамлакатимизда оилалар манфаатини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий муҳофазалаш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида 15 май – Халқаро оила кунини кенг нишонлаш белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 сентябрдаги “Ибратли оила” кўкрак нишони тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ижросини таъминлаш, ибратли оилаларни қўллаб-қувватлаш, фаровон ва барқарор оилаларнинг ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш, оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган оилаларни тақдирлаш мақсадида “Ибратли оила” кўкрак нишони тақдим этиб келинмоқда. Юртимизда 2024 йилда 208 та, 2025 йилда 2 мингта оилага мазкур кўкрак нишони берилган.
Бугунги кунда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги “Ибратли оила” кўкрак нишонига тавсия этилган номзодларни кўриб чиқиш бўйича республика доимий комиссияси томонидан “Ибратли оила” кўкрак нишонига номзод бўлган 3 минг 500 дан ортиқ оилани ўрганишга эътибор қаратилди. Баҳолаш ва ўрганишлар натижасида саралаб олинган 2 минг оила “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирлаш учун тавсия этилди.
Айтиш керакки, 3 йил ичида жами 4 минг 208 та оила “Ибратли оила” деб эътироф этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баёнига мувофиқ, юртимизда 1 майдан 30 майгача “Оиламиз – келажагимиз” ойлиги эълон қилинди. Ойлик доирасида ҳудудлар, туман (шаҳар) марказларидаги истироҳат боғларида “Саодатли оилалар сайли”ни ташкиллаштириш, унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда 208 та туман (шаҳар)лар марказларидаги истироҳат боғларида 10 мингдан зиёд узоқ йиллардан буён бирга аҳил яшаб келаётган нуроний жуфтликлар, “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланган 4 минг 500 га яқин оилалар, “Оила ва хотин-қизлар масканлари”даги ўқувларда сабоқ олган 50 мингдан ортиқ ёш келин-куёвларни жалб этишга эътибор қаратилган.
Шу билан бирга, маҳаллаларда оила вакиллари ҳамда болалар ўртасида миллий урф-одатларни тарғиб қилиш мақсадида “Миллий ўйинлар фестивали”ни ташкил этиш, “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танловини ўтказиш ва унда ибратли оилаларнинг бой оилавий тажрибасини оммалаштириш ва мустаҳкамлаш мақсадида маҳалла, ташкилот, корхоналарда фаолият юритаётган 700 га яқин энг муносиб оила вакилларини вилоят, туман босқичларида тақдирлаш режалаштирилган.
Ойлик доирасида ҳар бир ҳудуддан 1 тадан жами 14 та 1-ўринни эгаллаган оилаларни “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирлаш жараёнлари юқори савияда ўтказилаяпти.
“Янги Ўзбекистоннинг ибратли ҳарбийлар оиласи” кўрик-танловини ҳудудлар кесимида ўтказиб, танловнинг республика босқичига тақдим этилган 6 та оилани “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирлаш, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти тизимида “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танловини ўтказиш ва ғолиб оилаларни “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирлаш, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат олиб бораётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида “Энг намунали ёш оила” танловини ўтказиш ва 1-2-3- ўрин соҳиби бўлган оилаларни “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирлаш тадбирлари юксак савияда ўтказилмоқда.
Республика даражасида “Марказий Осиё халқлари оилаларининг уйғун қадриятлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияси ташкил этилиб, унда “Бахтли оилавий ҳаёт мезонлари”, “Стериотиплардан ҳоли оила” каби мавзулар чуқур таҳлил этилади, тараққиётига тўсиқ бўлаётган айрим иллатларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш, жисмоний имкониятлари чекланган бўлсада, турли соҳаларда ютуқларни қўлга киритаётган оилалар вакилларини рағбатлантириш юзасидан “Инсон азиз”, “Ёнингиздамиз” каби хайрия акциялари ташкил этилади.
“Оқила аёллар” ҳаракати аъзоларининг маънавий қадриятлар ва оилани асрашга қаратилган мурожаатлари янграйди. “Менинг оилам – менинг фахрим” мавзусида флешмоб ва “Янги Ўзбекистоннинг бахтли оиласи” номли челленжлар ўтказилади.
Оилада соғлом муносабатлар моделларини, хусусан, ўзбек халқининг бағрикенглик фазилатларини, қўшничилик, миллатлараро тотувликни тарғиб қилувчи ижтимоий роликлар яратилади ва намойиш этилади.
Ўқув даргоҳларида “Болам бахтли бўлсин деб...” мавзуида ўзбекона оилапарварлик фазилати, давр масалалари, ота-оналарнинг оилани моддий таъминлаш йўлидаги машаққатлари, оилада ўзаро ҳурмат ҳамда бир-бирини қадрлашни, жумладан қайнона-келинлар ўртасидаги ибратли муносабатларни тарғиб этиш ғояси акс этган давра суҳбатлари ўтказилади.
“Оила ва хотин-қизлар масканлари”да никоҳланувчи шахсларни ўқитиш ва низоли оилалар билан ишлаш, ота-оналик таълими, репродуктив саломатлик бўйича ўқувлар ташкил этилади. Никоҳланувчиларни “маиший зўравонликсиз бахтли оилавий ҳаётга тайёрлаш” махсус курсларида бепул ўқитиш ишлари янги босқичга олиб чиқилади.
Маҳаллаларда бош имом-хатиблар ҳамда отинойилар томонидан диний қадриятлар асосида оила муқаддаслиги тўғрисида тарғибот тадбирлари ўтказилади. Сайёр қабуллар ташкил этилиб, оилалардаги муҳитни мўътадиллаштириш чоралари кўрилади, яқин қариндошлар ўртасида никоҳларнинг олдини олиш, тўй-маросимларни ихчамлаштириш юзасидан тизимли тушунтириш ишлари олиб борилади.
15 май – Халқаро оила куни муносабати билан ҳар бир туман (шаҳар)дан бир нафардан “Ибратли оила” кўкрак нишони танловининг Республика босқичи совриндорлари бўлган оилаларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан “Ибратли оила” кўкрак нишони тантанали топширилади.
Шунингдек, “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи”, “Янги Ўзбекистоннинг ибратли ҳарбийлар оиласи”, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти тизимида ўтказилган “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танлови ғолиблари, “Соғлом оила учун бирлашайлик!” оилавий спорт мусобақалари, “Аёллар спорт олимпиадаси” мусобақаларининг вилоят босқичи ғолиблари ҳам тақдирланади.
Ҳудудларда оилалар учун тарихий обидалар ва музейларга саёҳатларни ҳамда “Оилавий ҳунармандларнинг мамлакат туризм жозибадорлигини оширишга қўшаётган ҳиссаси” мавзусида ҳунарманд-тадбиркорлар сулоласи кўргазмалари ташкил этилади.
“Оила томорқаси – рўзғор баракаси” шиори остида хонадонларнинг томорқаларида мўъжаз гулзорлар яратилади. Буларнинг барчаси мамлакатимизда оилаларга қаратилаётган эътиборнинг амалдаги ёрқин намунасидир.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири