Ҳакамлик судларининг бюджетдан ноқонуний маблағ ундиришига чек қўйилади (+видео)
Низоларни муқобил усуллар орқали ҳал этишга эътибор берилмоқда. Шу мақсадда мамлакатимизда ҳакамлик судлари ташкил этилган.
2026 йил 21 апрелда «Ҳакамлик судлари фаолияти янада такомиллаштирилиши ҳамда бюджет интизоми кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
Мазкур қонуннинг қабул қилинишига нима сабаб бўлди? Янги қонунда нималар назарда тутилган?
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзоси Зумрад Бекатова билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Ҳакамлик суди – фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи хўжалик низоларини ҳал этувчи нодавлат органдир.
Бироқ, ҳакамлик судларини ташкил этишдаги таъсирчан талаблар мавжуд эмаслиги оқибатида ҳакамлик судлари ўз ваколатига кирмайдиган низолар бўйича ноқонуний қарорлар қабул қилиш ҳолатлари кузатилди.
Яъни, ҳакамлик судлари томонидан ҳакамлик битими тарафи сифатида давлат ҳокимияти ва бошқарув органи бўлган ишлар бўйича чиқарилган ҳал қилув қарорларини тўғридан-тўғри ижрога қаратиш ҳолатларига йўл қўйилган.
2019 - 2023 йилларда ушбу судлар томонидан давлат бюджетидан 222,2 миллиард сўм пул маблағи ундириш ҳақида 870 та ноқонуний қарор чиқарилган.
Масалан, 2021-2023 йилларда Сурхондарё вилоятида фаолият кўрсатаётган ҳакамлик судлари қабул қилган 47 ҳал қилув қарори ваколатли суднинг ижро варақаларини бериш бўйича ажримлари бўлмасада, ғазначилик ва молия органлари томонидан тўғридан-тўғри ижро этилган.
Ҳакамлик суди судьяларининг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимининг мавжуд эмаслиги низоларни кўриб чиқиш ва ҳал этишда профессионал ва қонуний ёндашув таъминланмаслигига сабаб бўлган.
Ўзбекистонда 287 ҳакамлик суди рўйхатдан ўтган бўлиб, уларда 1,5 мингдан ортиқ судьялар фаолият юритмоқда.
Мазкур ҳакамлик суди судьяларининг аксарият қисми турли соҳада асосий иш фаолиятини юритиб келаётгани боис уларда ҳакамлик суди тўғрисида етарлича билим ва кўникмалар мавжуд эмас.
Бундан ташқари, давлат органларининг мансабдор шахслари давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талабларини четлаб ўтиб, ҳакамлик судлари воситасида ноқонуний равишда давлат бюджетидан маблағлар ундириб келган.
2019 - 2023 йилларда ноқонуний шартномалар билан 3 минг 309 ҳолатда ҳакамлик суди қарори чиқарилиб, давлат бюджетидан 215,3 миллиард сўм ундирилган.
Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузган мансабдор шахсларнинг 11 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, 26 нафарига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Шу билан бирга, қонунчиликда давлат органларига ҳакамлик судлари қарорларини ихтиёрий ижро этиш бўйича тақиқ белгиланмагани туфайли ушбу органлар томонидан ҳакамлик судларининг ноқонуний қарорлари ижро варақасисиз тўғридан-тўғри ижро этилмоқда.
Ҳакамлик судларининг ноқонуний қарорлари бўйича ижро варақалари бўлмаса-да, бюджетдан 582 ҳолатда 156,3 миллиард сўм асоссиз тўловлар амалга оширилган.
– Янги қонунда шу каби муаммоларни бартараф этиш учун қандай чекловлар ўрнатилди?
– Янги қонун 9 моддадан иборат бўлиб, шу асосда 4 кодекс, яъни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Бюджет, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал кодекслари ҳамда “Ҳакамлик судлари тўғрисида” ва “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунларга суд маълумотларини ошкор қилмаслик бўйича суд муҳокамаси иштирокчиларига тегишли мажбурият юклаш ва буни бузганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, ҳакамлик судини ташкил этиш ҳамда судьялик вазифасини бажариш учун қўшимча талаблар белгиланди. Ҳакамлик судьяларининг билим ва кўникмаларини ошириш тартиби кенгайтирилди.
Давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари ҳамда давлат иштирокидаги корхоналар, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ҳакамлик битимлари тузилганлик учун маъмурий жавобгарлик қўлланилади.
Бюджет кодексида ғазначиликда рўйхатдан ўтказилмаган шартномалар асосида товар, иш ва хизматларни қабул қилиб олганлик ҳолати бюджет интизомини бузиш сифатида белгиланди.
Қонунчиликда ҳакамлик суди қарорларини ижро этиш бўйича ижро варақаси бўлмаган тақдирда, уларни давлат органлари томонидан ихтиёрий ижро этиш учун жавобгарлик назарда тутилди.
Давлат бюджетидан пул маблағларини ундириш билан боғлиқ суд буйруқлари устидан шикоят киритиш имконияти яратилди.
Қонун билан ҳакамлик судлари фаолияти янада яхшиланади. Давлат бюджетидан ноқонуний чиқимларнинг олди олинади. Қонун ҳакамлик судлари томонидан адолатли қарорлар қабул қилиниши, ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун жавобгарлик белгилаш орқали давлат манфаатлари ҳимоя қилинишига хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач, яъни 2026 йил 24 июлда кучга киради.
Қонун кучга кирган кунда фаолият кўрсатаётган ҳакамлик судлари, ҳакамлик судларини ташкил этган ташкилотлар ўз фаолиятини уч ой ичида ушбу қонунга мувофиқлаштиради.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/1cgkxun6hHo?si=71CqM16jWBvC9IAv" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Норгул Абдураимова,
Дониёр Ёқубов (вилео),
Искандар Исматов (монтаж),
ЎзА