Оилалар ва аёлларга кўмакчи бўлиб
Халқимиз азалдан оилани муқаддас қадрият билган. Ёшларнинг мустақил ҳаёт остонасига қадам қўйишига, оила қуришига жиддий эътибор қаратган. Барча имкониятларни ишга солиб бўлса-да, оилага дарз кетишига сира йўл қўйилмаган.
Кейинги йилларда миллий анъана ва қадриятларимиз, айниқса маҳаллага эътибор кучайгани, хонадонлардаги муаммоларни батафсил ўрганиш борасидаги ишлар турли ажримларнинг олдини олиш, ёшларнинг оила муносабатларига жиддий ёндашишига замин яратмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мана бир йилдирки, “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти иш олиб бормоқда. Жамиятда «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилига асосланган тизимни тўлақонли ва самарали жорий этиш, маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлашдаги устувор йўналишларни шакллантиришда иштирок этиш, фанлараро фундаментал, илмий-амалий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий фаолликни оширишга оид концепцияларни, комплекс, мақсадли, соҳавий ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишнинг илмий-методологик асосларини шакллантириш мазкур институт вазифаларидан саналади.
Ўтган вақт мобайнида бу йўналиш бўйича хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан 46 та қисқа муддатли илмий-амалий лойиҳа амалга оширилмоқда. Институт олимлари аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича мамлакатимизнинг бир қатор ҳудудларида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”ни шакллантириш, жумладан, сўровнома тузиш, хатлов ўтказишда фаол иштирок этди. Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий соҳага оид бир неча қарорларига таклифлар тайёрлаб берилди. Маҳалла ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит, жамоатчилик вакиллари - иш берувчилар, маҳалла кадрлар тайёрлаш ва таълим фаолияти сифатига баҳо бериш, янги иш жойларини ташкиллаштириш, меҳнат тақсимотига тайёргарлик ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, оила ва турмуш доирасидаги ҳамда хотин-қизлар ўртасидаги жиноятлар профилактикаси, аҳоли ўртасида томорқадан унумли фойдаланиш борасида Андижон, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Тошкент, Фарғона ва Навоий вилоятларида тегишли социологик тадқиқотлар ўтказилди. Мавзу юзасидан кўплаб тахлилий материаллар тайёрланиб, тегишли вазирлик ва идораларга тақдим этилди.
Маҳалла раислари ва фуқаролар ўртасида муносабатларни автоматлаштириш ва мурожаатлар юритиш жараёнини қулайлаштиришга мўлжалланган “Маҳалла” мобиль иловаси яратилди. “Аёллар дафтари”ни юритиш, гендер тенгликни таъминлаш бўйича бир қатор ижтимоий роликлар тайёрланди. Ушбу ижтимоий роликлар оммавий ахборот воситалари орқали маҳаллалар, оилаларга тақдим этилди.
Институт томонидан “Оила маънавияти” концептининг электрон тезаурус луғати, “Оила, маҳалла ва гендер тенглиги” мавзусида бадиий асарларнинг электрон корпуси, “Бахтиёр оила” веб-портали яратилди. Мазкур медиа маҳсулотлар наинки юртимиз, балки хорижликларнинг ўзбек қадриятлари хусусидаги билимини бойитишда муҳим аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, ўзбек оиласи тарихининг электрон музейи веб-сайти бош саҳифасининг дизайни ишлаб чиқилди. “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан 36 та услубий қўлланма яратилиб, нашрга тавсия этилди. Маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликни оширишга оид концепцияларни, комплекс, мақсадли, соҳавий ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишнинг илмий-методологик асосларини шакллантириш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан тасдиқланган “2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси статистикасини ривожлантириш миллий стратегияси”ни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар бўйича демографик статистикани такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Оиладаги зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларни
аниқлаш ва чек қўйишга қаратилган чора-тадбирлар дастурига амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига тақдим этилди. Шу билан бирга, Самарқанд вилоятида оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш ва Ургут, Самарқанд, Пастдарғом, Каттақўрғон туманларида ва Самарқанд шаҳрида эрта турмуш ва унинг олдини олиш мақсадида тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, Самарқанд вилояти ҳокимлигига тақдим этилди.
Маҳаллалар ва оилаларда соғлом ва барқарор ижтимоий-маънавий муҳит, тинчлик, тотувлик ва осойишталикни таъминлаш, умуминсоний ва миллий қадриятлар, шу жумладан, оилавий қадриятларни мустаҳкамлашнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш масаласи ҳам институт илмий жамоасининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида баён этилган топшириқ бўйича “Маҳаллабай ишлашнинг янги модели” лойиҳаси яратилди. Шу билан бирга, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси вазирлик ва ташкилотлар томонидан таклифлар асосида қайта ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига юборилди.
“Маҳалла раиси – ислоҳотчи” тамойили асосида ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг янги тизимини жорий қилиш бўйича “Маҳалла концепцияси” лойиҳаси ишлаб чиқилди. 2021-2025 маҳаллаларни жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қуквватлаш вазирлигига тақдим этилди. Маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликни ошириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, долзарб илмий муаммоларга бағишланган илмий, илмий-амалий конференциялар, семинар, йиғилишлар ташкил этиш, бугунги кун талабига мос тарзда уларни онлайн ўтказиш, шунингдек, ушбу соҳада юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш, илмий ходимларнинг касбий даражасини ошириб бориш, ўз фаолияти йўналишлари бўйича республикадаги таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиш, хорижий мамлакатларнинг илғор илмий-тадқиқот муассасалари билан халқаро алоқаларни ривожлантириш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Буларнинг барчаси оила ва маҳалла тузилмасининг илмий асосларини такомиллаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Назокат Усмонова, ЎзА