Очиқ осмон остидаги музей: 18 май — Халқаро музейлар куни
Мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрининг қоқ марказида жойлашган, улуғ бобомиз Алишер Навоий номи билан аталувчи Ўзбекистон Миллий боғи халқимизнинг энг азиз масканларидан биридир. Бир қаноти кўлга, бир қаноти Анҳор анҳорига, яна бир қаноти Халқлар дўстлиги саройи ҳамда Олий Мажлис биносига туташиб кетган ушбу кўркам боғ ҳудудида “Адиблар хиёбони” мажмуасининг бунёд этилиши маскан гўзаллигини янги босқичга кўтарди.
Мазкур муҳташам хиёбон давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ғояси ва ташаббуси асосида, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшлар маънавиятини юксалтириш мақсадида барпо этилди.
Умумий майдони 8 гектардан зиёд бўлган ушбу мажмуада Алишер Навоийдан бошлаб, Бобур, Огаҳий, Муқимий, Фурқат, Беҳбудий, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби ўзбек адабиётининг маънавий шажарасини ташкил этган 25 нафар улуғ адибнинг ёдгорлик мажмуалари ўрин олган. Ҳар бир ёдгорлик муайян олий ўқув юртларига бириктирилган бўлиб, бу ерда очиқ дарслар ва маърифий тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Айнан шу боис адабиёт аҳли ва кенг жамоатчилик Адиблар хиёбонини “Очиқ осмон остидаги музей” деб таърифламоқда.
Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қароргоҳи ҳам мана шу боғда жойлашган. Уюшма 1934 йилда ташкил этилган бўлса-да, салкам тўқсон йил давомида ўз биносига эга бўлмай, ижараларда фаолият юритиб келган эди. Президентимиз ғамхўрлиги билан бунёд этилган уюшманинг янги муҳташам биноси икки қаватдан иборат бўлиб, биринчи қаватида “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Звезда Востока” ва “Ёшлик” журналлари таҳририятлари ҳамда 150 ўринли фаоллар зали жойлашган. Иккинчи қаватда уюшма маъмурияти, тадбирлар ўтказиладиган заллар, “Адиблар хиёбони” студияси ва халқаро учрашувлар заллари ўрин олган бўлса, бинонинг ертўла қисмида бой кутубхона ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тарихи музейи фаолият кўрсатмоқда.
Агар хиёбонда таниқли адибларнинг ҳайкаллари қад ростлаган бўлса, уюшма тарихи музейида ижодкорларнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ноёб экспонатлар, қўлёзмалар, шахсий буюмлар ва тарихий суратлар жамланган. Музей экспозицияси ХХ асрнинг 30-йилларидан то шу кунгача бўлган даврда ўзбек адабиёти босиб ўтган бой йўлни акс эттиради. Музей марказида XI асрда туркий халқлар ҳаёт тарзини ёритувчи ягона манба ҳисобланган Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит турк” асари макети ишланган ва адибларнинг пурмаъно иқтибослари билан бойитилган. Шунингдек, Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романи асосида Ўзбекистон халқ рассоми Алишер Мирзо томонидан графика йўналишида ишланган асарлар бурчаги, “Ўзбекистон Қаҳрамонлари” ва “Адабий дўстлик — абадий дўстлик” каби бўлимлар мавжуд. Мустақиллик даври адабиёти ва “Ёш ижодкорлар” Зомин семинарига оид портрет ва маълумотлар ҳам алоҳида ўрин эгаллаган.
Кейинги пайтларда музей фонди янги ва ноёб экспонатлар билан бойиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир Азим Суюннинг фарзандлари томонидан ижодкорнинг шахсий буюмлари, китоблари ва 18 ёшида армия сафида ёзган илк шеърлари қўлёзмалари музейга тақдим этилди. Таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон) фарзандлари эса адибнинг ёзув машинкаси, туш пероси, қўлёзмалари ҳамда “Ойнур”, “Меҳр булоғи”, “Ўлмас қоялар”, “Бағдод қашқири” каби китобларини топширишди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи ва шоир Эркин Самандарнинг суратлари, қўлёзмалари ҳамда қизи адиба Сайёра Самандар қизи қаламига мансуб “Менинг отам” номли китоби ҳам музей экспонатлари қаторидан жой олди.
Йилдан-йилга музейимизга келувчилар сони, хусусан, мактаб ўқувчилари, олийгоҳ талабалари ва хорижлик меҳмонлар оқими кўпайиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз, улуғ аждодларимиз ва беқиёс бойликларимиз бор. Музей жамоаси сифатида асосий мақсадимиз — ушбу маънавий хазинани халқимизга янада кенгроқ танитишдир. Халқаро музейлар куни муносабати билан барча юртдошларимизни Адиблар хиёбонига ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тарихи музейига таклиф этамиз.
Мунира РАМАЗОНОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тарихи музейи раҳбари,
ЎзА