Қиймати 23 млрд. сўмдан ортиқ бўлган қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди
Рақобат қўмитаси томонидан давлат харидларида шаффофлик ва адолатли рақобатни таъминлаш мақсадида харид жараёнлари ўрганилди.
Олиб борилган ўрганишлар натижасида, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўтказилган жами қиймати 9,1 млрд. сўмдан ортиқ бўлган 6 та, Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ўтказилган жами қиймати 8 млрд. сўмга яқин бўлган 6 та, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўтказилган жами 6,7 млрд. сўмга яқин бўлган 10 та танлов савдоларида қонун бузилишлари маълум бўлди.
Натижада, “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддасида белгиланган, яъни савдоларда рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар аниқланган.
Қўмита Махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши аломатлари билан буюртмачи ташкилотларга нисбатан иш қўзғатилди. Мазкур ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланиб, тегишли суд органларига юборилди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида такрорламаслик юзасидан бажарилиши мажбурий кўрсатмалар берилди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА