Нурафшонда электр таъминоти яхшиланмоқда
Нурафшон шаҳрида аҳолини узлуксиз ва сифатли электр қуввати билан таъминлаш, мавжуд электр тармоқларини модернизация қилиш ҳамда энергетика инфратузилмасини янгилаш бўйича изчил ишлар давом этмоқда.
Жумладан, Бирлик маҳалласидаги 29-сонли трансформатор пунктида кенг кўламли модернизация ишлари амалга оширилди. Мазкур лойиҳа доирасида жойларга 82 та янги темир-бетон таянч устуни ўрнатилиб, 1,7 километр масофага замонавий махсус кабель тармоқлари тортилди. Шунингдек, қуввати 100 кВА бўлган эски трансформатор ўрнига юқори қувватга эга янги трансформатор ишга туширилди. Натижада ҳудудда электр қуввати билан боғлиқ узилишлар сезиларли даражада камайиб, истеъмолчилар учун янада барқарор ва ишончли электр таъминоти яратилди.

Шунингдек, йил якунига қадар ҳудуддаги Оппоқ, Эвалак, Чиғириқ, Ҳуррият ва Деҳқонобод маҳаллаларида ҳам электр тармоқларини янгилаш ишлари давом эттирилади. Режага кўра, мазкур ҳудудларда 76 километр замонавий кабель тармоқлари тортилиб, 848 та темир-бетон таянч устуни ўрнатилади.
Ҳудудларда амалга оширилаётган модернизация ишлари Нурафшон шаҳрининг энергетика инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш, электр таъминоти сифатини ошириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини барқарор электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА