Нукусда йирик гастрономик фестиваль ўтказилмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги “Қорақалпоқ этно овули” туристик мажмуасида “QR Gastronomic Quality – 2026” гастрономик фестивали ўтказилмоқда.
Фестиваль Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фондининг ижтимоий буюртмаси асосида молиялаштирилиб, “DMO Qoraqalpog‘iston” (Destination Management Organization of Каракалпакстан) жамоат бирлашмаси томонидан амалга оширилаётган “QR Gastronomic Quality” лойиҳасининг якуни бўлиб ҳисобланади.
Лойиҳанинг асосий мақсади – Қорақалпоғистоннинг умумий овқатланиш бизнеси соҳасини янги сифат босқичига олиб чиқиш, гастрономияни минтақанинг муҳим туристик брендларидан бирига айлантириш ва замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этишдан иборат.
Фестиваль дастурида ресторанлар, кафелар ва гастрономик брендлар тақдимоти, турли халқларнинг миллий таомлари кўргазмаси, Қорақалпоғистоннинг бетакрор таомлари бўйича ошпазлар мусобақаси, гастрономик дефиле, байрам концерт дастури, ташриф буюрган аҳоли ўртасида танловлар, викториналар, таом тайёрлаш бўйича маҳорат-дарслари ва қизиқарли учрашувлар ўрин олган.

Фестивалнинг асосий воқеаси – Қорақалпоғистоннинг ресторанлари, кафелари ва чойхоналари ўртасида ўтказиладиган “QR Gastronomic Quality – 2026” танлови ҳисобланади. Энг яхши умумий овқатланиш жойлари ўзларининг хизмат кўрсатиш сифатини кўрсатади ва ҳудуднинг энг яхши иштирокчиси унвони учун баҳслашади.
Мазкур тадбирнинг ўтказилиши маҳаллий гастрономик хизматлар даражасини яхшилашга ва шу орқали Қорақалпоғистоннинг туристик йўналиш сифатидаги жозибадорлигини оширишга, энг муҳими келажакда ҳудудни гастрономик сайёҳлик марказига айлантиришга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.