Халқаро электромобиллар карвони Бухорода
Бугун дунёда саёҳат нафақат янги манзилларни кашф этиш, балки халқлар ўртасида дўстлик, маданиятлар мулоқоти ва экологик масъулиятни тарғиб қилишнинг энг самарали воситаларига айланмоқда. Замонавий технологиялар ва қадимий цивилизациялар чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон ана шундай нуфузли халқаро ташаббуслар марказига айланиб бормоқда. Бу эса мамлакатимизнинг бой тарихий мероси ва сайёҳлик салоҳиятига бўлган қизиқиш йил сайин ортиб бораётганининг яна бир ёрқин ифодасидир.
Жорий йилнинг 4 июль куни Ўзбекистон бўйлаб ўз сафарини бошлаган “The Drive of Peace” халқаро электромобиллар экспедицияси навбатдаги манзил сифатида Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманига ташриф буюрди. Электр ва гибрид автомобилларда амалга оширилаётган ушбу халқаро саёҳат экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланиш ғоясини тарғиб қилиш билан бирга, Буюк Ипак йўли меросини замонавий нигоҳ билан қайта кашф этишга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Экспедициянинг асосий мақсади турли мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, маданий мулоқотни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг бетакрор тарихий-маданий мероси ва сайёҳлик имкониятларини халқаро майдонда кенг тарғиб қилишдан иборат.
Ғиждувонга ташриф давомида хорижлик иштирокчилар туманнинг кўп асрлик тарихи, миллий қадриятлари ва ҳунармандчилик анъаналари билан яқиндан танишди. Айниқса, бутун дунёда юксак баҳоланадиган Ғиждувон кулолчилик мактаби меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирди. Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ноёб сир-асрорлар, нафис нақшлар ва юксак маҳорати билан машҳур бўлган кулолчилик санъати экспедиция қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди.
[gallery-30318]
Меҳмонлар маҳаллий усталарнинг ижодий фаолияти билан танишиб, миллий ҳунармандчилик намуналарида халқимиз тарихи, маданияти ва дунёқараши қандай мужассам эканини ўз кўзлари билан кўрдилар. Бу эса саёҳатнинг нафақат экологик, балки маънавий ва маданий аҳамиятини ҳам янада оширди.
Лойиҳа бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, «яшил» технологияларни оммалаштириш, тинчлик ва барқарор тараққиёт ғояларини илгари суришга хизмат қилаётган халқаро ташаббуслардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Шу маънода, электромобилларда амалга оширилаётган мазкур экспедиция келажак авлод учун экологик тоза ҳаёт тарзини тарғиб қилишнинг ҳам амалий намунасидир.
Экспедициянинг навбатдаги муҳим тадбирлари Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида бўлиб ўтади. Кўҳна ва боқий Бухоронинг бетакрор меъморий обидалари бағрида “Young Marco Polo Dialogue” — “Ёш Марко Поло мулоқоти” халқаро тадбири ташкил этилади. Шунингдек, меҳмонлар шаҳарнинг машҳур тарихий обидалари, муқаддас зиёратгоҳлари ва маданий мерос объектлари билан танишиб, турли маданий ва маърифий дастурларда иштирок этади.
Буюк Ипак йўлида жойлашган Бухоро асрлар давомида Шарқ ва Ғарбни боғлаган цивилизациялар чорраҳаси бўлиб келган. Бугун эса у яна бир бор халқаро мулоқот, дўстлик ва ҳамкорлик майдонига айланмоқда. “The Drive of Peace” экспедициясининг Бухорога ташрифи нафақат вилоятнинг бой маданий меросини, балки Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати, сайёҳлик салоҳияти ва «яшил» тараққиёт йўлидаги саъй-ҳаракатларини бутун дунёга намоён этадиган муҳим воқеа сифатида тарихда қолиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири