Нукусда III халқаро кимё олимпиадаси ўтказилади
Жорий йилнинг 3-10 ноябрь кунларида Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри дунёнинг 32 та мамлакатидан ташриф буюрадиган ёш кимёгарларни бирлаштиради.
Учинчи маротаба ўтказиладиган Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадаси (ARBIChO) мактаб ўқувчиларининг кимё фанига оид назарий билимлари ва амалий кўникмаларини синовдан ўтказишга қаратилган нуфузли халқаро билимлар беллашувидир.
Олимпиада тарихига назар ташлайдиган бўлсак, 2023 йили Хива шаҳрида ўтказилган илк олимпиадада 15 та давлатдан 130 нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этган бўлса, ўтган йили Тошкент шаҳрида ўтказилган II халқаро олимпиадада 16 та давлатдан 115 нафар ёш кимёгар ўзаро беллашди. Жорий йилда Нукусда ўтказиладиган III халқаро олимпиада 32 та мамлакат вакилларини бир майдонда жамлайди.
Маълумот ўрнида, ушбу халқаро олимпиада олтин медаль соҳибига – 12 БҲМ (5 миллион 280 минг сўм), ўқитувчисига – 50 БҲМ (22 миллион сўм), кумуш медаль соҳибига – 8 БҲМ (3 миллион 520 минг сўм), ўқитувчисига – 35 БҲМ (15 миллион 400 минг сўм), бронза медаль соҳибига – 6 БҲМ (2 миллион 640 минг сўм), ўқитувчисига – 30 БҲМ (13 миллион 200 минг сўм) миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири