Европа фильмлари Тошкент ва Урганч экранларида
Кино санъати турли халқларнинг тарихи, маданияти ва ҳаёт тарзини яқиндан англаш имконини беради. Айни кунларда Ўзбекистонда ўтказилаётган XI Европа кинофестивали ҳам ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Тадбир доирасида Европа мамлакатларида суратга олинган фильмлар Тошкент ва Урганч шаҳарларида томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси томонидан Кинематография агентлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган фестивалда Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар элчихоналари ва қатор маданий муассасалар ҳам иштирок этмоқда.
Фестиваль доирасида ташкил этилган матбуот анжуманида Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар ва Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов сўзга чиқди.
Таъкидланганидек, бу йилги дастурдан Кипр, Франция, Германия, Греция, Италия, Латвия, Литва, Люксембург, Руминия ва Словения кинематографларининг 11 та фильми ўрин олган. Томошабинлар ҳужжатли фильмлар, психологик драмалар, анимацион асарлар, биографик картиналар ва романтик ҳикояларни томоша қилиш имконига эга бўлмоқда.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар фестиваль турли халқлар ва маданиятлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
—Европа кинофестивали - маданиятларимиз хилма-хиллиги ва умуминсоний қадриятларни акс эттирувчи ҳикоялар орқали Европани кашф этиш имконияти. Бу йил фестивални Урганч шаҳри билан ҳам баҳам кўряпмиз. Кино тадбири географиясини Тошкентдан ташқарига кенгайтириш Ўзбекистон вилоятларида маданий алмашинувни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи яхши анъанага айланди. Ўзбекистон Кинематография агентлиги, Европа Иттифоқи давлатлари элчихоналари ва иштирок этаётган маданий ташкилотларга кўп йиллик ҳамкорлик учун миннатдорлик билдираман. Уларнинг ҳиссаси фестивални кино санъатининг универсал тили орқали мамлакатлар ўртасидаги жонли мулоқот майдонига айлантирди, — деди Тойво Клаар.
Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов ҳам фестивалнинг маданий ҳамкорликни ривожлантиришдаги ўрнига тўхталди.
—Европа кинофестивали маданиятлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш ва ижодий тажриба алмашиш учун муҳим майдон ҳисобланади. У ўзбекистонлик томошабинларга Европа кинематографиясининг ўзига хос бадиий ёндашувлари, турли халқларнинг ҳаёти, қадриятлари ва маънавий олами билан яқиндан танишиш имконини беради. Кино санъати орқали халқлар ўртасидаги ўзаро англашув ва дўстлик мустаҳкамланиб, янги ижодий ғоялар ҳамда халқаро ҳамкорлик лойиҳалари учун замин яратилади.

Бугунги кунда Ўзбекистон Европа давлатлари билан кинематография соҳасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда. Қўшма фильмлар яратиш, тажриба алмашиш ва миллий кино асарларимизни халқаро майдонда тарғиб этиш ушбу ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидир. Ишончим комилки, бундай ташаббуслар ўзбек киноижодкорларининг касбий салоҳиятини ошириш, миллий кинематографиямизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш ва халқларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилади, — деди Матёқуб Матчонов.
Фестивалнинг очилиш фильми сифатида 2024 йилда Франция ва Люксембург ҳамкорлигида суратга олинган "Боғдаги қайиқ" анимацион асари ҳавола этилди.
Фильм воқеалари 1950 йилларнинг бошларида денгиз бўйидаги шаҳарлардан бирида кечади. Унда ёш Франсуа ота-онаси билан биргаликда оилавий боғда елканли кема қуришга киришади. Бу ғайриоддий лойиҳа боланинг орзу-умидлари, дунёқараши ва улғайиш жараёнини акс эттиради.
Кинофестиваль доирасида талабалар учун ҳам махсус намойишлар ташкил этиляпти.
Фестиваль дастури 23-25 октябрь кунлари Тошкентдаги Миллий кино санъати саройида, 27 октябрь куни эса Урганчдаги Худойберган Девонов номидаги кинотеатрда намойиш этилади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА