Ноқонуний дори савдоси фош этилди
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, дори воситалари муомаласида қонунийликни таъминлаш ҳамда қалбаки ёки сифатсиз маҳсулотларнинг олдини олиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тизимли назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида Когон шаҳрида ноқонуний дори воситалари савдоси билан боғлиқ ҳолат аниқланди.

Маълум бўлишича, фуқаро Н.Н. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, Когон шаҳридаги “Амир Темур” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган хонадонда дори воситаларини ноқонуний равишда қадоқлаш ҳамда сотиш фаолияти билан шуғулланиб келган.
Текширув жараёнида ушбу хонадондан умумий баҳоси 597,7 миллион сўмга тенг бўлган, сифатини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган турли хил дори воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 186-3-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Мутахассислар таъкидлаганидек, назоратсиз ва келиб чиқиши номаълум бўлган дори воситаларини истеъмол қилиш инсон саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкин. Шу боис аҳолидан дори маҳсулотларини фақат лицензияга эга дорихоналар орқали харид қилиш, маҳсулотнинг сифати ва келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжатларга эътибор қаратиш сўралмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.