Бизнес-омбудсман: Реклама паспорти, маркировка ва солиқ маъмурчилигидаги тўсиқлар бекор қилинади
Пойтахтимизда Бизнес-омбудсман ахборот хизмати раҳбари Гулжамол Шукурова иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда Президентимизга тақдим этилган, тадбиркорлик муҳитига салбий таъсир қилаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, амалдаги тартибга кўра, айрим ҳолларда корхона номи, фаолият тури ёки савдо белгиси акс этган пешлавҳалар ҳам реклама сифатида баҳоланиб, улар учун алоҳида паспорт расмийлаштириш ва тўловларни амалга ошириш талаб этилмоқда.
Ўтган йил давомида реклама паспорти олинмагани ва тегишли тўловлар тўланмагани ҳолатларида 384 нафар шахсга жами 8,2 миллиард сўм жарима қўлланилган.
Шу муносабат билан тадбиркорлик субъектининг номи ва фаолият тури тўғрисида бинога жойлаштирилган ахборотни реклама сифатида баҳоламаслик ва бунинг учун тегишли паспортларни расмийлаштиришни бекор қилиш таклиф этилди. Рекламалар ва бошқа ахборот белгиларини жойлаштиришга доир дизайн талабларини тадбиркорлар таклифларини инобатга олган ҳолда босқичма-босқич жорий этиш, юридик шахсларга тегишли транспорт воситаларига ўз савдо белгисини жойлаштириш тартибини соддалаштириш ташаббуси илгари сурилди.
Сув ва салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчилар учун мажбурий рақамли маркировкалаш ва агрегация тизимини жорий қилиш билан боғлиқ техник ва молиявий харажатлар ишлаб чиқарувчилар зиммасига катта юк бўлиб, айрим корхоналар ҳали техник жиҳатдан тўлиқ тайёр эмаслиги қайд этилди.
Шу билан бирга, амалиётда қоидаларни бузганлик учун жуда юқори миқдордаги жарималар қўлланилмоқда. Маълумот учун, бугунги кунда республикада 286 та маҳаллий сув ва ичимлик ишлаб чиқарувчилар бўлиб, товар айланмасининг катта қисмини ташкил қилувчи 10 та йирик корхонанинг 5 тасигина агрегация тизимини йўлга қўйишга тайёр. 2026 йилнинг тўрт ойида эса маркировкалаш қоидаларини бузгани учун 2 минг 600 та тадбиркорга 30,6 миллиард сўм жарима қўлланилган.
Шу сабабли, агрегация талабларини жорий этиш муддатини 2027 йил 1 апрелгача узайтириш ва жарималарни қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритилди.
Йиғилишда кўтарилган яна бир муҳим масала, 2026 йил 1 апрелдан алкогол ва тамаки маҳсулотлари, ёқилғи сотиш ҳамда 25 миллион сўмдан ошадиган товар (хизмат)лар учун нақд пулсиз тўловлар жорий қилингани билан боғлиқ ҳолатлар муҳокамасига бағишланди.
Хусусан, тўловларни амалга оширишда аҳоли томонидан банк карталарини нақд пул билан тўлдиришда юқори комиссиялар ундирилаётгани юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Шу муносабат билан фуқароларнинг ўз карталари ўртасидаги пул ўтказмаларини комиссиясиз амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилди.
Йиғилишда, солиқ маъмурчилиги ва маъмурий жарималар билан боғлиқ бир нечта масалалар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, амалдаги айрим солиқ имтиёзлари Солиқ кодексида акс этмагани сабабли тадбиркорлар билан низоли ҳолатлар юзага келаётгани қайд этилди. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та фармони ва 21 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2 та қарори билан берилган солиқ имтиёзлари Солиқ кодексига киритилмагани сабабли уларни қўллашда низоли ҳолатлар юзага келмоқда. Шу муносабат билан амалдаги имтиёзларни Солиқ кодексига киритиш ва тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича таклифлар билдирилди.
Шунингдек, айрим ҳолатларда пеня миқдори асосий солиқ қарзидан ошиб кетиши ҳамда касса чеки бермаслик учун қўлланилаётган жарималарнинг юқорилиги кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятига жиддий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан Солиқ кодексида тадбиркорларга ҳисобланаётган пенялар суммаси асосий солиқ қарздорлиги суммасидан ошиб кетмаслиги бўйича нормани акс эттириш, чек бермаслик ҳолати юзасидан хабар юбориш тизимини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш таклиф қилинди.
Юқорида қайд этилган шу ва шу каби ўндан ортиқ масалалар Президентимиз томонидан кўриб чиқилиб, тадбиркорлик учун ортиқча тўсиқларни камайтириш, назорат ва тартибга солиш механизмларини соддалаштириш, рақамлаштириш жараёнларини бизнесга қўшимча юк эмас, қулайлик яратадиган воситага айлантириш зарурлиги таъкидланди.
Билдирилган таклифларни амалиётга жорий этиш бўйича амалий чоралар кўриш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Г.Бобоева,
ЎзА