Ногиронлиги бўлган фуқароларга аравачалар берилди
ЎзЛиДеПнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури халқ билан яқиндан мулоқот қилиш ва муаммоларни бартараф этишда муҳим ташаббуслардан бирига айланмоқда.
Ушбу дастур доирасида Тошкент шаҳар ва Олмазор туман Кенгашлари томонидан аҳоли учун навбатдаги “Сайёр қабул” ташкил этилди.
Қабулда 300 нафардан ортиқ фуқаро иштирок этиб, уларнинг мурожаатлари кўриб чиқилди. Жами 152 та муаммо жойида ҳал этилди. Шунингдек, аҳоли учун бепул тиббий кўрик ҳам ташкил этилди.
Сайёр қабулдан олдин маҳаллалардаги 1000 дан ортиқ хонадон ўрганилиб, эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олинди.
Тадбир давомида уларга ногиронлар аравачаси, эшитиш мосламалари, даволаниш учун йўлланмалар берилди, ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди ҳамда бир қатор оилаларга озиқ-овқат, дори-дармон ва маиший жиҳозлар кўринишида амалий ёрдам кўрсатилди.
Аҳоли мурожаатларини жойида ҳал этиш, инсон қадрини улуғлаш ва халқ билан очиқ мулоқотни янада мустаҳкамлашда бу каби сайёр қабуллар муҳим аҳамият касб этади.
М.Комилова, ЎзА