Сенат: маъмурий ислоҳотлар самарадорлиги оширилади, давлат фуқаролик хизмати такомиллашади
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тузилмаси ҳамда давлат фуқаролик хизмати тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонун бўйича маъруза қилган Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов профессионал давлат бошқаруви тизимини яратиш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Давлат хизматчилари ишининг натижадорлигини таъминлаш, аҳолининг давлат хизматига бўлган ишончини янада оширишга эътибор қаратилмоқла.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги негизида Бошқарув самарадорлиги агентлиги ташкил этилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурига ўтказилди, шунингдек давлат фуқаролик хизмати тизими такомиллаштирилди.
Шу муносабат билан қонунчилик ҳужжатларининг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш, давлат фуқаролик хизмати, суд, прокуратура, ички ишлар ва божхона органлари, Миллий гвардияда хизматни ўташ тизими ва тартибини такомиллаштириш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги негизида ташкил этилган Бошқарув самарадорлиги агентлигининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланиб, давлат фуқаролик хизматига оид ҳужжатларни мажбурий келишиш тизими жорий этилмоқда.
Прокуратура, ички ишлар, Миллий гвардия ходимлари ва судьялар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ишга ўтганда уларнинг аввалги хизмат жойи бўйича кадрлар захирасида сақланиб қолиши кафолатланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун мамлакатимизда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, давлат фуқаролик хизматини ўташ тартибини такомиллаштириш ҳамда Миллий гвардия, суд, прокуратура, ички ишлар ва божхона органларининг фаолияти учун муносиб шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА