Ногирон шахслар бандлигини таъминлаш – муҳим масала
Мамлакатимизда кейинги йилларда инсон шаъни ва қадрини улуғлаш, ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, бандлигини таъминлаш, муносиб иш шароитлари яратиш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Президентимизнинг 2025 йил 8 майдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори даражага кўтаришга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур Фармон орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда инклюзив меҳнат бозорини шакллантиришга қаратилган янги механизмлар жорий этилди.
Фармоннинг 2-иловасида 2025 йил якунига қадар ҳудудлар кесимида ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш бўйича аниқ мақсадли кўрсаткичлар белгилаб берилган. Ана шунга кўра, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Андижон вилояти бошқармаси томонидан вилоятда 2025 йил якунига қадар 6 минг 674 нафар ногиронлиги бўлган шахснинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган бўлса, бугунги кунга қадар амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 7 минг 672 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ўрганиш мақсадида “Юксалиш” ҳаракати Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан Хўжаобод туманида жамоатчилик мониторинги ўтказилди. Мониторинг жараёнида ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш билан таъминланиши, улар учун яратилган шароитлар, электрон реестр юритилиши ҳамда иш берувчилар билан ҳамкорлик масалалари ўрганилди.
Ўрганишлар давомида Хўжаобод тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан 2025 йил учун 236 нафар ногиронлиги бўлган шахснинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган бўлса, амалда 314 нафар фуқаро иш билан таъминланган.
– Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, меҳнатга лаёқатли I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар асосан тикув-трикотаж, хизмат кўрсатиш, нодавлат мактабгача таълим ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларига ишга жойлаштирилмоқда, – дейди “Юксалиш” ҳаракати Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси Диёрбек Турғунов. – Бу ҳудудларда инклюзив меҳнат муҳити босқичма-босқич шаклланаётганидан далолат беради. Шунингдек, мониторинг давомида “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали ишлаш истагини билдирган 427 нафар ногиронлиги бўлган шахснинг соғлиғи, таълим олиши ва меҳнат фаолиятига оид маълумотлар электрон реестрга киритилган ҳамда уларнинг бандлик ҳолати мунтазам мониторинг қилиб борилаётганлиги маълум бўлди.

– Мен туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази мутахассислари кўмагида “Агробанк” АТБнинг Хўжаобод филиали корпоратив бизнес бўлимига ишга жойлашдим, – дейди II гуруҳ ногирони Ш.Арапов. – Иш олиб бориш учун зарур шарт-шароитлар яратилган, жамоа билан бир бўлиб иш олиб боряпман. Мен ва мен каби жисмоний имконияти чекланган инсонларга кўрсатилаётган эътибор учун, аввало, Президентимиздан, барча юртдошларимдан чексиз миннатдорман.
Ўрганишлар давомида II гуруҳ ногирони Х.Ғиёсов “Андижон сув таъминоти” АЖнинг Хўжаобод тумани филиалида насос қурилмалари оператори лавозимида 0,5 ставка ишламоқда. Бу каби ҳолатлар ногиронлиги бўлган шахслар учун муносиб меҳнат шароитлари яратилаётганлигининг мисолидир.
Бироқ ўрганишлар жараёнида айрим муаммоли ҳолатлар ҳам кузатилди. Хусусан, меҳнатга лаёқатли ногиронлиги бўлган айрим фуқароларда расмий ишга жойлашган тақдирда ногиронлик нафақаси бекор қилиниши мумкинлиги ҳақида нотўғри тушунча шаклланган. Бу эса уларнинг расмий меҳнат фаолиятига жалб этилишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шунингдек, Хўжаобод туманида 1000 дан ортиқ корхона ва ташкилот фаолият юритаётганига қарамасдан, электрон реестрга бўш иш ўринлари ҳақида маълумотларни атиги 12 та корхона киритган холос. Бу ҳолат айрим тадбиркорлик субъектлари ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилиш бўйича давлат томонидан берилаётган имтиёз ва субсидиялар ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигини кўрсатади.
Ўрганиш натижалари ва таҳлилларга, кўра, соҳадаги ишлар самарадорлигини янада ошириш учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди. Шу билан бирга, хусусий секторда инклюзив меҳнат муҳитини кенгайтириш, “энг инклюзив иш берувчи” каби ҳудудий танловларни жорий этиш, ногиронлиги бўлган шахсларни замонавий касб-ҳунар ва рақамли кўникмаларга ўқитиш, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда бандлик бўлимлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.