Нодирбек Абдусатторов Швеция турнирида қатнашмоқда
Бугун, 5 май куни Швециянинг Мальмё шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган “TePe Sigeman & Co Chess Tournament 2026” халқаро турнирининг 5-тур баҳсларида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов қора доналарда швециялик Нилс Гранделиус билан куч синашади.
Ортда қолган 4-тур учрашувида Н.Абдусатторов оқ доналарда ҳиндистонлик Аржун Эригаиси билан муроса йўлини танлаган бўлса, қолган 3 та жуфтликдаги қарама-қаршиликларда туркиялик Ягиз Каан Эрдоғмуш швециялик Нилс Гранделиусни, нидерландиялик Жорден ван Форест ФИДЕ рейтинги етакчиси норвегиялик Магнус Карлсенни, хитойлик Чжу Цзинер АҚШ вакили Энди Вудвордни мағлубиятга учратди.
5-тур ўйинлари остонасида 14 ёшли Ягиз Каан Эрдоғмуш 3 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Нодирбек 2,5 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига 2-ўринда бормоқда.
7 та турдан иборат бўлган халқаро турнир 7 майга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА