Тошкент Турон спорти бўйича тарихий Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади
2025 йил 15 июлда АҚШнинг Нью Йорк шаҳрида асос солинган Халқаро Турон федерацияси (International Turon Federation) қисқа муддатда жаҳон миқёсида тобора оммалашмоқда. Тарихи минг йилларга бориб тақаладиган миллий спорт туримиз бугунги кунда Европа, Осиё ва Америка қитъасидаги 20дан ортиқ давлатда ўз бўлимларини очди.
Халқаро Турон федерацияси ушбу спорт тури оммавийлигини янада ошириш мақсадида биринчи Жаҳон чемпионатини ўтказишга қарор қилди. Ўсмирлар ва ёшлар ўртасида ўтказиладиган мазкур мусобақага Турон спортининг ватани Ўзбекистон, янада аниғи Тошкент шаҳри мезбонлик қилади.
Бу ҳақида Халқаро Турон федерацияси Жамоатчилик билан алоқалар ва медиа билан ишлаш масалалари бўйича вице-президенти Отабек Эшмаматов ўзининг телеграм саҳфасида эълон қилди.
Тарихий мусобақа U-15, U-17 ҳамда U-19 ёш тоифаларида ўтказилиб, унда ўғил болалар 11та, қизлар эса 10та вазн тоифасида ўзаро беллашади. Шунингдек биринчи Жаҳон чемпионатида иштирокчилар эркин машқ йўналишида ҳам ўз маҳоратини намойиш этишлари мумкин.
Илк маротаба ташкил этиладиган Жаҳон чнмпионатида АҚШ, Канада, Мексика, Венесуэла, Боливия, Чили, Буюк Британия, Голландия, Полша, Туркия, Марказий Осиё давлатлари ҳамда мезбон Ўзбекистон каби жами 20дан ортиқ давлатдан 200 нафарга яқин спортчи иштирок этиши кутилмоқда. Жаҳон чемпионати баҳслари жорий йил 1-5 июнь кунлари Тошкентдаги ЖАР спорт мажмуасида ташкил этилади.
ЎзА